«Шамоллар шаҳри»да юртим нафаси

11:12 27 Апрель 2018 Жамият
2721 0

Айни пайтда “Халқ сўзи” газетаси махсус мухбири Мақсуд ЖОНИХОНОВ Озарбайжонда хизмат сафарида бўлиб турибди. У Боку шаҳри ҳақидаги илк таассуротларини йўллади. Қуйида ушбу материал билан танишасиз.

Низомий Ганжавий, Насимий, Фузулий, Мулла Паноҳ Воқиф каби мумтоз шоирлар яшаб ўтган манзил, ўзбек халқига улкан эҳтиром рамзи сифатида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган маскан, Байлакон туманидаги Амир Темур қурдирган кўприк, Мирзо Улуғбек кўчаси, Навоий номидаги посёлка ва истироҳат боғи, Бухоро карвонсаройи — буларнинг барчаси Озарбайжонда. Ана шу гўзал диёрга хизмат сафари билан келиб англадикки, озарлар ҳар икки гапнинг бирида “жоним қурбон бўлсин” дея такаллуф қилишни хуш кўришаркан. Шунданми, мусофирликни ҳам ҳис этмайсан киши.

Бугунги Боку том маънода мегаполисга айланган. Осмонўпар бинолар, янгидан-янги иморатлар ҳайрату ҳавасингизни оширади. Бокунинг бошқа шаҳарлардан ажратиб турадиган жиҳатларидан яна бири, бу — Ҳазар шамолидир. Шаҳарнинг қай гўшасига борманг, намхуш ҳамда саррин шаббодалар сизни майин эркалайди. Парк ва хиёбонлардаги дарахтлар мунтазам чайқалиб, майин бир таронани жўр бўлиб куйлайди гўё. Бу шаҳарни бежиз “Шамоллар шаҳри” деб юритишмайди.

Бокунинг кўчалари гавжум ҳамда равон. Энг машҳур иншоотларидан бири — Ҳукумат уйи. Миллий академик театри ҳам кишини мафтун этади. Унинг қаршисида Шарқ шеъриятининг буюк намояндаси Муҳаммад Фузулийнинг муҳташам ҳайкали салобат тўкиб турибди.

Ичери шаҳар Бокунинг қадимий обидалар жойлашган тарихий қисмидир. Унинг атрофи мустаҳкам тош деворлар билан ўралган. Тор кўчаларда пиёдалар кўп қатнайди, ора-сирада енгил машиналарга дуч келасиз. Бу кўчалар кўпчиликка таниш туюлади. Чунки “Аршин мол-олон”, “Қайнона” сингари севиб томоша қилинадиган фильмларда уларни кўп кўрганмиз. “Бриллиант қўл” картинаси суратга олинган торкўча, ундаги ҳовли доимо сайёҳларни жалб этиб туради. Худди шу ҳовлида очилган “Бриллиант қўл” қаҳвахонасида бир пиёла чой ичиб, ўзингизни беихтиёр ўша машҳур фильмга тушиб қолгандек ҳис қиласиз.

Ичери — қадимийлиги билан бизнинг тарихий шаҳарларимизни эслатади. Бу ерда кўҳна обидалар, тураржойлар билан бирга, эсдалик совғалар сотиладиган дўконлар, ресторан ва меҳмонхоналар жойлашган.

Ичери шаҳардаги қадимий обидалардан яна бири “Бухоро карвонсаройи” деб номланади. Ҳозир бу обида ичида миллий таомлар тайёрланадиган махсус ресторан жойлашган. Карвонсарой қурилиши, меъморий кўриниши жиҳатидан Бухородаги тарихий ёдгорликларни эсга солади. Карвонсарой ҳовлисида кичкина мармар ҳовуз, унинг атрофида эса кекса чинорлар...

Ҳамроҳимиз ҳафтада беш марта чоп этиладиган “525-ci qezet” нашри бош муҳаррири, ёзувчи Рашод Мажиднинг айтишича, Марказий Осиё ҳамда Озарбайжон халқлари орасида азалдан нафақат маданий, дипломатик, балки савдо-сотиқ борасида ҳам муайян алоқалар ўрнатилган. Жумладан, бу борада Бухоро билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бухоролик савдогарлар Бокуга тез-тез келиб туришган. Улар, асосан, шу ерда қўним топишгани учун карвонсаройга ҳам Бухоро номи берилган бўлиши мумкин.
Ҳайдар Алиев маркази шаҳардаги энг гўзал, муҳташам иншоотлардан бири саналади. Озарбайжон халқининг буюк етакчиси, фахри, мамлакатнинг учинчи президенти номи берилган ушбу маданият маркази узоқдан денгиз соҳилида ётган оппоқ чиғаноқни эслатади. 2007 йилда қурилган мазкур иншоот 2014 йилда дунёдаги энг гўзал бино сифатида тан олинган ва “Design of the Year” мукофотига лойиқ кўрилган.

Бокудаги замонавий иншоотлардан яна бири “Flаmmе towers”дир. Бу “Олов миноралари” маъносини англатади. Дарҳақиқат, шаҳардаги энг баланд мажмуа саналган ушбу иншоот олисдан аланганинг кўкка бўй чўзаётган тилларига ўхшаб кўринади. Бино тўлиқ LED-экран билан қопланган бўлиб, у тунда ҳам ўзидан давлат байроғи ранглари бўлган кўк, қизил ҳамда яшил рангларда шуъла таратиб туради. Бу мажмуа шаҳарнинг ҳар тарафидан кўзга ташланади.

Умуман, шаҳар нафақат ўзининг мафтункорлиги, балки юракка яқин лаҳжаси, одамларининг самимийлиги ва меҳмондўстлиги билан ҳам юртимизни ёдга солади. Шу боис бу ерга ташриф буюрган ҳар бир ўзбекистонлик ўзини қадрдон уйида юргандек ҳис этса, не ажаб...
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер