Адлия вазирлиги давлат тили атрофида бўлаётган муҳокамаларга муносабат билдирди

Коллаж: «Халқ сўзи»
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда турли тадбиркорлик субъектларида давлат тили бошқа хорижий тиллардан кейинги ўринларда қўлланилаётгани ёки умуман ишлатилмаётгани масаласида баҳс-мунозаралар кузатилмоқда. Адлия вазирлиги мазкур соҳадаги айрим қонунчилик ҳужжатларини эслатиш орқали фуқаролардан вазиятни ёритишда миллатлараро муносабатларга салбий таъсир қилишдан сақланишни тавсия қилди.
Бугунги кунда, ўзбек тилининг давлат тили сифатида қўлланилишини тартибга солувчи асосий ҳужжат «Давлат тили ҳақида»ги Қонун ҳисобланади.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади.
Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
«Реклама тўғрисида»ги Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади. Бунда, реклама мазмунининг таржимасини бошқа тилларда такрор берилишига йўл қўйилади.
«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилади. Мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин.
Шу билан бирга, фуқаролар ўзаро мулоқот жараёнида фойдаланадиган тил бўйича қонунчиликда қатъий ва мажбурий талаблар кўрсатилмаган.
Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва толерантликни таъминлаш, ҳар бир миллат ва элатнинг ўзига хослигини ҳурмат қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.
Бунда, барча фуқароларга ўз она тилида гапириш, таълим олиш ва маданий бойликларни ривожлантиришда тенг ҳуқуқлилик таъминланади.
Хусусан, «Давлат тили ҳақида»ги Қонунга кўра, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди.
Зеро, Конституцияга кўра, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Юқоридагиларга кўра, миллатлараро муносабатларга таъсир қилиши мумкин бўлган масалаларни ёритишда, Ўзбекистон қонунчилиги, шунингдек умуминсоний ва профессионал этика нормаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқароларининг тилдан фойдаланиш ҳуқуқларини камситиш, шу асосда низо қўзғатиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳам эслатиб ўтилади.
Бироқ мазкур муносабатда вазирлик вазиятга фақатгина бир томонлама ёндашган бўлиши мумкин. Чунки, ижтимоий тармоқларда ўзбек тилида мулоқот қилиш масаласи эмас балки, айрим овқатланиш шохобчалари ва савдо тармоқларида давлат тили устуворлигини йўқотаётгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Гап шундаки, Activist тахаллуси билан танилган блогер Ҳожиакбар Носиров 2 апрель куни Instagram саҳифасида Тошкент шаҳридаги кафелардан бирида ўзи билан кузатилган ҳолат ҳақида гапириб, видеомурожаат эълон қилди. Айнан ушбу мурожаат жамоатчилик муҳокамасини келтириб чиқарди.
Блогернинг фикрига кўра, у қаҳва олиш учун кафега кириб, ғазнанинг олдига бориб турган вақтида ходим ундан «Что будете заказывать?» («Нима буюртма қиласиз?»), деб сўраган. Суҳбат шу тариқа рус тилида давом этаётганидан ранжиган блогер ишчидан «Менга қаранг, ўзбекмисиз?», деб сўраган ва «Ҳа, ўзбекман», деган жавоб олгач, қуйидагича эътироз билдирган:
«Мен ҳам ўзбекман, кўриб турибсиз-ку, нимага менга русча гапиряпсиз?», десам, ўйланиб турди-да, «яна нимадир керакми?», деди. «Йўқ», дедим. Менимча, озгина уялдилар ҳам. Кейин, кофени кутиб турганимда, менимча, ўзбек аёли келиб, «Что вы заказывали?», деяпти. Мен жавоб бермасдан, ўқрайиб турибман-да, «Маленький капучино, да? Вот ваш заказ», деб олдимга қўйиб кетяпти», деган блогер.
Шунингдек, Activist шу бизнеслар ўзбек тилининг йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўлаётганини қўшимча қилган.
«Буни майда нарса, нимага гапиряпсан, дейдиганлар ҳам бўлиши мумкин. Аммо бу жудаям муҳим нарса. Мана шундай бизнеслар ҳам ўзбек тилининг йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўляпти. «Шу билан бирга, ўзбек тилини биладиган, Ўзбекистонда ишга кирмоқчи бўлган одамлардан шунга ўхшаш компаниялар рус тилини талаб қилади. Ўзи мижозларининг 90 фоизи — ўзбеклар. Бутун ходимларини рус тилида гапиртириб нима кераги бор? Қани мантиқ?», деган у.
Ушбу видео мурожаат 9 кун ичида 2,8 миллион марта томоша қилинган, 227 мингдан зиёд лайк ва салкам 25 минг изоҳ тўплаган, шунингдек, видео 21,1 минг марта улашилган. Изоҳ ёзганларнинг аксарияти блогернинг фикрларини қўллаб-қувватлаган бўлса, айримлар уни ҳақоратлаб, миллатлар ўртасида низо келтириб чиқаришга уринишда айблаган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Самарқанд шаҳри "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" саммитига тайёр
- Сенатда Қатар Шўро кенгаши Раиси билан учрашув бўлиб ўтди
- Ўзбекистон ва Покистон етакчилари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутлади
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Самарқандда «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити ўз ишини бошлади
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг