Шахмат олами оғир жудоликка учради

15:18 28 Февраль 2025 Спорт
210 0

Борис Спасский, шахмат бўйича 10-жаҳон чемпиони, 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда 27 февраль куни Россия Шахмат федерацияси президенти Андрей Филатов хабар берди. Спасский ўзининг улкан ютуқлари билан шахмат тарихида муҳим из қолдирган йирик гроссмейстерлардан бири ҳисобланади. У 1969 йилда Тигран Петросянни мағлуб этиб, жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган эди.

Борис Спасский 1937 йил 30 январь куни Ленинградда туғилган. У шахмат билан болалигидан шуғулланган ва 1953 йилда илк халқаро мусобақасида иштирок этган. 1955 йилда жаҳон ёшлар чемпионатида ғолиб чиқиб, совет шахматчиларидан биринчи бўлиб ушбу ютуққа эришган. Шу йили у гроссмейстер нормасини бажариб, ўша даврнинг энг ёш гроссмейстерига айланган.

1969 йилда Спасский Москвада Тигран Петросян билан жаҳон чемпионлиги учун ҳал қилувчи баҳс ўтказиб, уни мағлуб этди ва жаҳон чемпиони бўлди.

Қайд этиш керакки, шахматнинг «олтин авлоди» даврида юқори савиядаги ўйинлар кўрсатган Борис 1972 йилда Рейкьявикда ўтказилган машҳур дуэлда америкалик Роберт Фишерга ютқазиб, шахмат тахтидан тушди. Ушбу мусобақа шахмат тарихида энг катта рақобатлардан бири сифатида эсда қолган.

1976 йилда Спасский Францияга кўчиб ўтди ва шу мамлакат фуқаролигига эга бўлди. У Франция терма жамоаси сафида 1984 ва 1986 йилларда шахмат олимпиадаларида иштирок этди. 1990 йиллардан бошлаб, у шахмат мусобақаларида камдан-кам қатнашди ва 2012 йилда Россияга қайтди. Борис Спасскийнинг ўлими шахмат олами учун катта йўқотиш бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?