Шаҳрам Ғиёсовнинг чемпионлик жанги қачон ўтказилади?

11:13 25 Ноябрь 2024 Спорт
198 0

Шаҳрам Ғиёсов ва Эймантас Станионис чемпионлик жанги 1 март куни ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси хабар берди.

Маълумки, яримўрта вазн тоифасидаги профессионал боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов навбатдаги жангини WBA чемпиони литвалик Эймантас Станионисга қарши ўтказади.

Хориж нашрлари маълумотига кўра, Шаҳрам Ғиёсов ва Эимантас Станионис ўртасидаги чемпионлик жанги 2025 йилнинг 1 март куни АҚШнинг Бруклин шаҳридаги машҳур «Barclays Arena»да ташкил этилади. Жанг профессионал бокс кечаси доирасида асосий карддан (PPV) ўрин олган. Бу мусобақа ўзининг юқори савияси билан мухлислар эътиборини тортмоқда.

Мазкур бокс оқшомида, шунингдек, Жервонта Дэвис ва Ламонт Роач ўртасидаги марказий жанг ҳам ташкил этилади. Аслида ушбу жанги 14 декабрь куни ўтказилиши керак эди, аммо баъзи сабабларга кўра 1 март санасига кўчирилган. Бундан ташқари, Жермалл Чарлонинг рингга қайтиши ҳам шу кечада кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Станионис ўзининг сўнгги жангини май ойи бошида Габриэль Маэстрега қарши ўтказган ва очколар ҳисобига ғалаба қозонган. Ғиёсов эса 31 июль куни Мигель Парра билан жанг қилиб, уни зафарли якунлаган. Бу икки боксчининг навбатдаги жанги томошабинлар учун ҳақиқий шиддатли кеча бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, «Barclays Arena»да ўтказиладиган мазкур оқшомда юқори савияли жангларнинг ўтказилиши билан ушбу турнир йилнинг энг асосий спорт воқеаларидан бирига айланиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бокс мухлислари ушбу жангга катта қизиқиш билдирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?