Сентоб ва Лангарда пўлат арқонли дор йўллар қурилади

13:24 15 Февраль 2021 Иқтисодиёт
3493 0

Йўл тортиб келган меҳмон сарф этган вақти ва маблағига ачинмасин. Бугун сайёҳлик индустриясининг қатъий талаби бу. Халқнинг манзирати ҳар қанча юқори бўлмасин, туризм инфратузилмаси халқаро талабларга мос келмас экан, ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлигини таъминлаш мушкул.

Мамлакатимиз Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан республикамизда туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, уларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, мақбул, қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратишнинг кечиктириб бўлмас вазифалари белгиланди.

Хусусан, Фармон билан туроператор, тур агент ва жойлаштириш воситаларига 2021 йил 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкасини 50 фоизга камайтириш, уларни ер ва мол-мулкка солинадиган солиқдан озод қилиш ва ижтимоий солиқ ставкаси бир фоиз қилиб белгилаш ҳамда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарималар қўллашни тўхтатиш, туроператорлар учун тегишли шартларда авиа ва темир йўл чипталари бўйича қисман субсидиялаш тизими жорий этилади.

— Албатта, Фармондаги имтиёз ва преференциялар вилоятимизда ҳам туризм жозибадорлигини оширишда муҳим омил бўлади, — дейди вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жавлон Ҳасанов. — Энг муҳими, дунёда Ўзбекистонимизнинг ҳам инвестициявий, ҳам зиёрат жозибадорлигини оширувчи миллий бренд яратилиб, мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими янада кучайиши орқали янги иш ўринлари яратилади. Ўз навбатида бу иқтисодий салоҳият ва халқимиз фаровонлиги ошишига хизмат қилади. Биргина мисол, ўтган йили вилоят бўйича умумий қиймати 25,8 миллиард сўмлик 10та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш туфайли 90та янги ишчи ўрни яратилди. Яна умумий қиймати 115 миллиард 22та лойиҳа эса жорий ва 2022 йилларда амалга оширилади.

Хусусан, Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув омбори, Нурота туманидаги Айдаркўл сув ҳавзалари соҳилларида кичик туризм зоналари ташкил этилса, транспорт йўналишларини кенгайтириш, хизматлар сифатини ошириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш ҳамда «Ўзбекистон туризм магистрали» ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадида М-37 автомагистраль йўлида «Ҳунармандлик маркази», меҳмонхона, дам олиш маскани «Тир парк» барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Қўшимча қилиш жоиз, мамлакатимиз Президентининг Фармони ва соҳага алоҳида эътибори туризмда янги-янги имкониятларни юзага чиқаришга шарт-шароит яратади. Чунончи, Нурота туманидаги Центоб қишлоғи, Хатирчи туманидаги Ангидон, Лангар қишлоқларига «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи» мақомини бериш орқали мазкур ҳудудларда «ҳовли туризми» йўлга қўйилади. Сайёҳларнинг бунда чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланиб, дам олишлари таъминланади. Шунингдек, Навоий кон металлургия комбинатининг «Ауминзо — Амантой» ҳамда «Даугизтов» конлари ҳудудида кончилик ишларига халал бермаган ҳолда геосаёҳат ва саноат туризмини ташкил қилиш, сайёҳларга конлардаги портлатиш ишларини томоша қилиш ва дам олишлари учун шарт-шароитлар яратиш режалаштирилмоқда.

— Режамиздаги энг йирик лойиҳаларимиз бу шубҳасиз, Нурота туманининг Сентоб қишлоғи ва Хатирчи туманининг Лангар қўрғонида  пўлат арқонли дор йўлларини қуриш ва мазкур ҳудудларда йил ўн икки ой фаолиятни йўлга қўйишни ташкил этишдир, — дейди Ж. Ҳасанов. — Бундан ташқари Навоий шаҳридаги И.Каримов кўчасида «Туризм», Абдураҳмонов кўчасида эса «Гастрономик туризм кўчаси»ни ташкил этиш белгиланган. Бу ўз-ўзидан вилоятнинг туризм объектлари зиёратгоҳлар атрофида ҳалол туризм талабларига жавоб берадиган оилавий меҳмон уйларини ташкил қилиш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш, туризм инфратузилмаси ва ёндош инфратузилмани қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтириш, модернизация ишларини олиб боришни тақозо этади.

Мухтасар қилсак, халқимиз меҳмондўст, меҳмон — сайёҳларни кутишга шарт-шароитларнинг халқаро андозаларга мослаштирилиши эса унинг жозибадорлигини янада ошириши шубҳасиз.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?