Сенаторнинг учрашув ва ўрганишлари самарали кечди

11:33 18 Ноябрь 2025 Жамият
161 0

Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳусан Эрматов Бахмал туманидаги 4,5,69 ва 79-умумтаълим мактаблари ҳамда 1-политехникум ўқувчи ва ўқитувчилари, шунингдек, аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Политехникум мажлислар залида тўпланганларга Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, Президентимизнинг АҚШга ташрифи якунлари, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тошкент шаҳрида ўтказилган саммити ҳақида батафсил ахборот берилди.

Мазкур учрашувлар ўқувчи ёшлар қалбида узоқ йиллар сақланиб қолишига шубҳа йўқ. Чунки сенатор ҳар бир ўқув даргоҳида 500 тадан адабий китоб совға қилди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган ранг-баранг китобларда ўзбек ва хориж адибларининг сўнгги йилларда ёзган асарлари, ёш қаламкашларнинг биринчи китоблари, жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари, Ватанимиз тарихига оид кўплаб қизиқарли асарлар ўрин олган.

Яна бир эсда қоларли ҳолат: Учрашувда ўзининг якуний мулоҳазаларини билдирган сенатор ўқувчи ёшларга мурожаат қилиб, кимки республика фан олимпиадаларида 1-ўринга сазовор бўлса, бу ўқувчининг ўзига ва унинг устозига алоҳида мукофот таъсис этганини эълон қилди. Аслида бу қарорга халқ вакили айни учрашув чоғида олган иштиёқ ва таассуротлари таъсирида келганига шубҳа йўқ. Дарҳақиқат, бахмаллик ўқувчиларнинг билимга чанқоқлиги, ўз келажакларига жиддий эътибор билан қараши тадбирда иштирок этган ҳар инсонни тўлқинлантиргани ҳам рост.

Шу куннинг ўзида сенатор Ўсмат шаҳарчасини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида бу ерда бунёд этилган сув тозалаш ва тарқатиш иншоотида бўлди. Яқинда Олий Мажлис Сенатида мазкур иншоотдан Ўсмат шаҳарчасида истиқомат қилувчи 30 мингга яқин аҳолига сув тарқатиш тизимларини таъмирлаш учун Давлат бюджетидан 30 млрд сўм ажратиш масаласи кўтарилган ва бу масала мутасадди идоралар кун тартибига киритилган эди. Маълум бўлдики, ушбу сўров бўйича дастлабки маблағлар келиб тушган ва иш бошланган.

Сенатор навбатдаги объект — Ўсмат шаҳарчасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга берилган 10 та уйда яратилган шароитларни ҳам ўрганди. Сенатор мутасаддилар билан биргаликда айрим камчиликларни жойида кўриб чиқди, туман ҳокимининг ўринбосари билан уларни тез фурсатда бартараф этишга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер