Сенаторлар мамлакатда коррупцияга қарши курашиш борасида қилинган ишларга эътибор қаратди

12:05 20 Январь 2024 Сиёсат
655 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида навбатдаги миллий маъруза кўриб чиқилди.

Ушбу миллий маъруза Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган иккинчи маъруза ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори томонидан тақдим этилган маърузада мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасида 2022 йилда амалга оширилган ишларга батафсил тўхталиб ўтилди.

Хусусан, мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасини такомиллаштириш, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида соҳага тааллуқли 13 та, шунингдек, иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни амалга ошириш доирасида коррупция омилларини қисқартиришга қаратилган 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Бунинг натижасида давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш ҳамда очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилган.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича “E-Antikorrupsiya” лойиҳаси ишга туширилган.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Мазкур превентив механизмлар орқали давлат органларининг коррупцияга қарши курашишдаги масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилиб, жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги оширилди.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021 – 2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот, шунингдек, “1253” қисқа рақамли “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилган.

Давлат хизматларини кўрсатиш сифати яхшиланиб, коррупцияни юзага келтириши мумкин бўлган ортиқча тартиб-таомиллар қисқартирилган ҳамда электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони оширилган.

Хусусан, 73 турдаги ҳужжат ва маълумотларни аҳолидан талаб қилиш бекор қилиниб, тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони 95 тагача (43 фоиз) қисқартирилган ҳамда 6 та лицензия ва рухсатномада белгиланган 17 та талаб ва шарт бекор қилинган.

Коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган капитал қурилиш, олий таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харита”лари тасдиқланиб, ижроси таъминланган.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида айрим муаммолар сақланиб қолаётганлиги қайд этилди.

Давлат идоралари ва ташкилотларда кенг қамровли превентив чора-тадбирлар ўтказилишига қарамай коррупция ҳолатлари ҳамон учрамоқда.

Хусусан, давлат харидлари билан боғлиқ бюджет маблағлари талон-торож қилиниши, субсидиялар ажратиш жараёнларидаги ноқонуний ҳаракатлар, назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ноқонуний текшируви каби ҳолатларни қайд этиш мумкин.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан 20 тасининг фаолияти “қониқарсиз” баҳоланган бўлса, Очиқлик индекси бўйича 27 та давлат органи ва ташкилотининг очиқликни таъминлаш фаолияти паст самарадорликни қайд этган.

Миллий маърузани эшитиш давомида сенаторлар коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид қонунчиликни янада такомиллаштиришга оид таклифларни ҳам муҳокама қилдилар.

Савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?