Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлиси 18 декабрь куни чақирилади

21:09 16 Декабрь 2023 Сиёсат
1004 0

Жорий йилнинг 15 декабрь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Унда Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисини 2023 йил 18 декабрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Таъкидланганидек, видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган ялпи мажлисда қатор масалаларни муҳокама қилиш назарда тутилган.

“2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги, “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Сенаторлар ялпи мажлисда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунларни ҳам кўриб чиқадилар.

Шунингдек, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига республика ҳудудида Интернет ва алоқа қамровини кенгайтириш учун шароитларни яхшилашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ҳам муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, ялпи мажлис кун тартиби доирасида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар ҳам муҳокама этилади.

Сенаторлар Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижроси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан иқлим ўзгаришининг олдини олишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича олиб борилаётган фаолият юзасидан вазирликнинг ахборотини эшитиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш каби масалаларни ҳам кўриб чиқадилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер