Сенатда Ўзбекистоннинг Россия, Беларусь ва Озарбайжондаги элчиларининг ҳисоботлари эшитилди

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, Ўзбекистон экспортёрлар уюшмаси вакиллари, Ёшлар парламенти аъзолари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сенаторлар томонидан Ўзбекистоннинг Россия, Беларусь ва Озарбайжондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, миллий маҳсулот экспортини ошириш, хорижий туристларнинг мамлакатимизга оқимини кўпайтириш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида қабул қилинган «йўл хариталари»ни ижро этиш каби масалалар юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Мажлисда Президент томонидан мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, миллий маҳсулотларимизнинг жаҳон бозоридаги улушини ошириш ва Ўзбекистоннинг халқаро имижини мустаҳкамлаш ташқи сиёсатнинг асосий мақсади қилиб белгилаб берилганига эътибор қаратилди.
Ўзбекистоннинг Россия, Беларусь ва Озарбайжондаги дипломатик ваколатхоналари томонидан тегишли «йўл хариталари»да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш бўйича элчихоналарга экспортчи корхоналарга хорижда бозор топиш, миллий маҳсулотларга сертификат ва рухсатномалар олиб бериш, хорижда савдо уйлари ва омборлар ташкил этиш, хорижий брендларни олиб келиш ва корхоналаримизга сертификатлар олиб бериш вазифаларининг бажарилиши зарурлиги таъкидланди.
Мазкур элчихоналарнинг фаолияти самарадорлигини оширишда ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишда уларнинг мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ҳамда маҳаллий Кенгашлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, ушбу мамлакатларда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига сифатли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, савдо уйлари ва маҳаллий компаниялар билан алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, мамлакатимиз тадбиркорлари ва ишбилармонларига яқиндан ёрдам бериш ҳамда давлатнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий манфаатларини илгари суриш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Мажлис якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг