Сенатда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид масалалар муҳокама қилинди

20:27 13 Ноябрь 2025 Сиёсат
269 0

Жорий йилнинг 13 ноябрь куни бўлиб ўтган Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид масалалар муҳокама қилинди.

Мажлисда Қўмита аъзолари, маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари раислари, экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисда дастлаб «Ижтимоий иш тўғрисида»ги Қонун юзасидан Қўмита хулосасини тасдиқлаш масаласи муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида Қонун аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилгани, унда ижтимоий иш соҳасидаги асосий тушунчалар акс эттирилгани, ижтимоий иш соҳасининг асосий принциплари, ижтимоий ишни ташкил этиш, ижтимоий иш соҳасини тартибга солиш, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам соҳасидаги давлат назорати, ижтимоий ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ижтимоий ходим фаолиятининг кафолатлари белгилаб берилаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан ушбу Қонуннинг айрим нормаларини қайта кўриб чиқиш ва амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш лозимлиги таъкидланди.

Хусусан, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамни тугатиш бўйича айрим асосларнинг амалдаги қонунчилик ва халқаро ҳужжатлар талабларига зид келиб қолганлиги, ижтимоий иш соҳасида ижтимоий ходимларнинг ҳуқуқлари белгиланмаганлиги, шунингдек, Қонунда акс эттирилиши мумкин бўлган қатор нормалар қонуности ҳужжатларига ҳавола қилинаётганлиги таъкидланди. Муҳокама якунида Қонунни рад этиш тўғрисидаги хулосани Сенат Кенгашига киритиш бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг сенаторлар Сирдарё вилоятида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган оилаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини ўрганиш натижаларини муҳокама қилишди.

Вилоятда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган оилалар сони 15 885 тани ҳамда уларнинг оила аъзолари 89 150 нафарни ташкил этади.

Кам таъминланган оилалар аъзоларининг 64 836 нафари тиббий кўрикдан ўтказилган, уларнинг 6 996 нафари биринчи маротаба тиббий кўрикдан ўтказилди, 18 644 нафари эса муқаддам диспансер назоратига олинган. Касали аниқланган кам таъминланган оила аъзоларининг 7171 нафарига уй шароитида, 4610 нафарига кундузги стационар шароитида ҳамда 8451 нафарига амбулатор даволаниш бўйича тавсиялар берилди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан кам таъминланган оилалар аъзоларига кўрсатилаётган тиббий хизматлар жараёнини тезкор кузатиб бориш имконини берувчи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ягона тиббиёт ахборот тизими – ДМEД» ҳамда «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими интеграция қилинмаганлиги танқид қилинди. Шунингдек, оилалардаги беморлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни доимий кузатувга олиб, уларга тиббий хизматни уйига борган ҳолда кўрсатиш ва индивидуал патронаж тизими тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, кам таъминланган оила аъзоларининг тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилмаганлиги қайд этилди.

Муҳокама якунида ўрганиш давомида аниқланган муаммоли масалаларни ҳал этишни назарда тутувчи Қўмита қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер