Сенат ялпи мажлисида Уй-жой кодекси маъқулланмади

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»
Сенатнинг йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Кодексни ишлаб чиқишда қатор ижобий мақсадлар, хусусан, жамоат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш, реконструкция қилиш ва бузиш ишларини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг уй-жойдан фойдаланишда қонунчилик ва норматив ҳужжатларга риоя этишдаги масъулиятини ошириш кўзланган.
Аммо муҳокамалар давомида сенаторлар Кодексда айрим нормаларни қўллаш механизмлари етарлича очиб берилмаганини таъкидлади.
Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат уй-жой фондидаги турар жойларни юридик шахсларга белгиланган мақсадда фойдаланиш учун ижара шартномаси шартлари асосида бериш ваколатини амалга ошириш тартиби белгиланмаган. Бу эса ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиш ва бошқа коррупцион ҳолатларга шарт-шароитлар яратиб беради.
Шунингдек, Кодексда белгиланган жисмоний ва юридик шахслар томонидан турар жойларни хусусийлаштириш йўллари яъни, якка тартибда қурувчиларнинг ширкатлари томонидан уй-жой қуриш ҳамда облигацияларини олиш йўлларини тартибга солувчи амалда бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги таъкидланди.

Бундан ташқари, мулкдорлар билан шартнома асосида турар жой бузилиши ва унинг ўрнида янги турар жой қурилиши мумкинлиги, шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши ва турар жойни қуриш учун зарур рухсатнома олинганидан кейин кучга кириши Кодексда акс эттирилган бўлса-да, шартноманинг қайси тури ҳақида сўз юритилаётганлиги мавҳум қолган.
Ваҳоланки мазкур масалалар шартномавий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи Фуқаролик кодексида ҳам ўз аксини топмаган.
Шу билан бирга, қонунчилик техникаси қоидаларига лозим даражада риоя қилинмаган. Баъзи нормалар бир-бирига зид. Қатор моддалар билан давлат органларига дискрецион (чекланмаган) ваколатлар берилган ҳамда Кодексда қўлланилган бир қатор ҳаволаки нормалар етарли асосларга эга эмас. Ўз навбатида, ушбу ҳолатлар турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Муҳокама якунида Кодекс жамият учун муҳим бўлган ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солишини инобатга олиниб, миллий қонун ҳужжатлари, илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ва ҳуқуқшунос олимлар фикрларини чуқур таҳлил этилган ҳолда, Кодексни такомилига етказиш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Шу боис Кодекс сенаторлар томонидан рад этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Аброр Бакиров вафот этди
- Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
- Гидроэнергетикадаги лойиҳалар ижроси кўриб чиқилди
- Грузияда дзюдо бўйича навбатдаги мусобақа бўлиб ўтади
- Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида
- Оксана Чусовитина Жаҳон кубогида кумуш медалга сазовор бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг