Сенат Раиси Хоразм вилоятида бўлди

09:37 01 Май 2023 Сиёсат
1033 0

2023 йил 25 апрель куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Хоразм вилоятининг Урганч ва Хива шаҳарларида, шунингдек, Янгибозор, Хива ва Гурлан туманларида бўлди.

Сенат Раиси вилоятга ташрифи доирасида маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоят фаоллари, маҳалла «бешлиги», оқила аёллар, тадбиркорлар, талабалар, профессор-ўқитувчилар, нуронийлар, аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Мулоқотлар давомида янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган нормалар мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳудудларни ривожлантиришда жамоатчилик вакилларининг ўрни, аҳолига яратилган шарт-шароитлар юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва фаоллар, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали талабалари ва профессор-ўқитувчилари билан ўтказилган учрашувларда Сенат Раиси янги таҳрирдаги Конституциянинг айрим нормаларига, жумладан Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиши, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгилаб қўйилаётганига алоҳида тўхталди.

Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институти тугатиляпти, бу маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ва ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Бундан ташқари, учрашувда сўнгги йилларда давлатимиз томонидан аҳолини бепул тиббий хизмат ва дори-дармонлар билан кафолатли таъминлаш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ушбу нормалар ижтимоий давлат моделини амалга ошириш мақсадида янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам ўз аксини топаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга маҳалла фаоллари ва тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотларда, хусусан, «Очақалъа» маҳалласида фаолият юритувчи «бешлик», ушбу маҳалладаги фаоллар, хотин-қизлар ва нуронийлар, ёшлар билан ташкил этилган учрашувда миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтириш соҳаларига ҳам янгиланаётган Конституцияда алоҳида эътибор қаратилаётгани, Конституция билан давлат томонидан бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилаётгани эътироф этилди.

Шунингдек, Сенат Раиси «Лола» давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган мактабгача таълим ташкилоти, «Гурлан спорт мажмуаси», ип калава ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда Урганч шаҳридаги хусусий клиника фаолияти билан ҳам танишиб, улар билан суҳбатлар ўтказди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?