Сенат қонунчиликка муҳим ўзгаришлар киритувчи қонун лойиҳаларини маъқуллади

21:33 03 Май 2023 Сиёсат
2695 0

Фото: «Халқ сўзи»

2023 йил 3 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Ялпи мажлис кун тартибига мувофиқ сенаторлар томонидан дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Қонунга асосан дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорлари оширилмоқда. Бундан ташқари, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликларни такрор содир этилган учун ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чоралари белгиланмоқда.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун билан тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки олиб қўйганлик ёхуд ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Хусусан, Қонунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча модда киритилиб, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тадбиркорлик субъектларининг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пулни ўз вақтида қайтармаслик ҳолати бўйича айбдорга базовий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиниши қайд этилмоқда. 

Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Барча Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?