Сенат қўмитасида қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар муҳокама қилинди

19:45 13 Март 2025 Сиёсат
273 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг жорий йил 13 мартда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси муҳокама қилинди ва тегишли таклиф ҳамда тавсиялар берилди.

Шунингдек, Қўмита мажлисида бир қатор қонунлар ҳам дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Сўнгги йилларда банклар фаолиятини тартибга солувчи қатор қонунлар қабул қилинди ва банк назорати такомиллаштириб борилмоқда. Банкларни санация қилиш тизими тўловга лаёқатсиз банкларни тезкор тартибда соғломлаштириш ёки тугатиш, шунингдек, уларнинг иқтисодиёт учун муҳим бўлган вазифалари ва хизматлари узлуксизлигини таъминлаш, омонатчилар ва кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилиш, банкларнинг бюджет маблағларига қарамлигини камайтириш, мижозларнинг банк тизимига ишончини ошириш имконини беради. “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам ушбу вазифаларни ҳал қилишга қаратилган.

Мажлисда муҳокама этилган “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан кредиторларнинг гаровдаги мулкка нисбатан ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш, кредиторлар талабларини суддан ташқари тартибда қондириш тизимини ривожлантириш, мажбуриятларни гаровдаги мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштириш, кредиторлар талабларини қондириш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи нормалар киритилмоқда. Ушбу Қонунда гаров нарсаси ҳисобланган мол-мулк гаровга қўювчидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун олиб қўйилганда гаровга олувчида ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқини сақлаб қолиш, шунингдек, ундирув қаратилган гаров мулкининг очиқ кимошди савдосида сотилишини гаровга қўювчининг илтимосига асосан кечиктиришга йўл қўйилмаслик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонун ҳам муҳокама этилди. Ушбу Қонун билан Солиқ кодексига қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари 2030 йил 1 январга қадар юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод этилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Қўмита мажлисида “Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам мажлис иштирокчилари диққат марказида бўлди.

Мазкур Қонун билан фуқароларга давлат хизмати кўрсатиш сифатини янги босқичларга олиб чиқиш, соҳага ахборот коммуникация технологияларни кенг жорий этиш, фуқароларнинг пенсия таъминотини халқаро стандартларга ва замон талабларига мувофиқлаштириш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлган фуқароларга уларнинг мурожаатини талаб этмаган ҳолда пенсия тайинланишини ҳамда фуқароларнинг шундай тартибда тайинланган пенсияни рад этиш ҳуқуқини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Муҳокама якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?