Саноат ярмаркасида мингдан ортиқ маҳсулотлар намойиш этилди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида икки кун давомида анъанавий ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Унда қўшни Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти расмий вакиллари, мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ҳамда қўшни давлатлардан келган тадбиркорлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этди.

— Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ярмарка саноат тармоқлари ривожи, халқаро ҳамкорлик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда жуда муҳим, — деди тадбирда сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. — Жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллаш ва бренд маҳсулотлар яратиш, экспортбоп ва рақобатбардош маҳсулотлар салмоғини ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашишда бу каби доимий мулоқот платформаси бўлиши зарур.
Таъкидлаб ўтилганидек, айни жараёндаги ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида яқин келажакда Фарғона вилоятида саноат маҳсулотлари учун махсус кўргазмалар марказини бунёд этиш режалаштирилган. Замонавий марказ вилоятда саноат тармоқларининг эртанги кун истиқболини таъминлашга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, бу йил Фарғона вилоятида иқтисодиёт тармоқларига 3,7 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 1,5 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилиш мақсад қилинмоқда. Шу тариқа ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 108,3 триллион сўмга етказиш режалаштирилган.
Бундан атиги 7-8 йил аввал ҳам вилоятга хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт кўрсаткичлари борасида бор-йўғи 500 минг долларлик марра белгиланар эди. Айни пайтда бу миқдор ҳажми аллақачон бир миллиард долларлик довондан ошди. Сўнгги етти йилда вилоятда саноат корхоналари 2,8 баробарга кўпайди ва 13 мингтага етди.

Саноат ярмаркасида Фарғона вилоятида ушбу соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган етакчи корхоналар раҳбарлари турли номинациялар бўйича тақдирланди. Ўз навбатида, ярмарка қатнашчилари юртимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик ва ипакчилик, чарм-пойабзал, мебелсозлик, нефть-газ, қурилиш материаллари, кимё, электротехника, автомобилсозлик тармоқлари маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
— Биз қурилиш саноатида харидоргир, дунё андозалари асосида тайёрланаётган ўнлаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз, — дейди «Metal Apex» корхонаси менежери Ойбек Султонов. — Бугунги ярмарка доирасида маҳсулотларимиз кўргазмасини ташкил этиш орқали янги харидорлар топиш истагидамиз.

Фарғона шаҳридаги анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ҳудудий саноат ярмаркасида бу йил 200 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари ҳамда ўнлаб йирик ишлаб чиқариш корхоналари ўзининг мингдан ортиқ маҳсулотларини намойиш этди. Икки кунлик мулоқотлар давомида янги турдаги қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, олий ўқув юртларининг ишланмалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ярмарка доирасида тадбиркорлар томонидан янги лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилиб, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича учрашувлар ҳамда амалий мулоқотлар ташкил этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг