Саноат кооперациясини ривожлантириш — замон талаби

19:15 25 Ноябрь 2021 Жамият
778 0

Фото: Халқ сўзи

Чирчиқ шаҳрида анъанавий ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтмоқда. Тармоқлараро ва ҳудудий корхоналар ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш, янги ҳамкорлар топиш, буюртмалар портфелини шакллантириш каби долзарб масалалар ечими кутилаётган кўргазмада 978 нафар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар 4 минг 421 турдаги маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Кўргазманинг биринчи кунида Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Ўзметкомбинат”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзқурилишматериаллари” каби бир қатор йирик ишлаб чиқарувчилар маҳаллийлаштириш ва кооперация дастури бўйича тақдимот ўтказди.

— Кўргазмада 160дан ошиқ маҳсулотларимиз намойиш этиляпти, - дейди Олмалиқ кон-металлургия комбинати Маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи Козимжон Жумабоев. — Тадбирдан кутилаётган асосий натижаларимиз комбинат бугунгача хориждан импорт қилаётган айрим турдаги маҳсулот ва хомашёларни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга таништириб, келажакда уларни ҳудудий корхоналарда ишлаб чиқаришга эришишдан иборат. Агар бу борада умумий келишувга эришсак, комбинат импорт қилаётган маҳсулотлар ҳажми кескин камайиб, хомашё таннархи арзонлашади ҳамда юзлаб янги иш ўринлари яратилади.

— Кўргазмага 8 хилдаги “Элдош” русумли юк ташувчи мотоциклларини олиб келганмиз, - дейди “Элхолдинг” ИИЧБ савдо ва маркетинг бўлими раҳбари Шоҳрух Қурбонов. — 2021 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилаётган янги турдаги электр двигателли, замонавий техникаларимизга қизиқиш ортаяптяи. Бу мотоцикллар фермер хўжаликлари, иссиқхона эгалари, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари учун қулай ва камхарж ҳисобланади. Бугуннинг ўзида турли тадбиркорлик субъектлари билан 210 миллион сўм миқдоридаги шартнолмалар имзолашга эришдик.

Қуйи Чирчиқ туманида фаолият юритаётган “SANFA Engineering” корхонаси маҳсулотлари камёблиги ва харидоргирлиги билан ажралиб туради. Кўргазмада корхона янги турдаги тақдимотлари билан қатнашмоқда.

— Асосий фаолиятимиз қайта ишлашга йўналтирилган. Масалан, аҳоли фойдаланган елим сув идиши(баклашка)ни кукун ҳолига келтириб, ундан тола оламиз ва нотўқима материал ишлаб чиқарамиз. Улар мамлакатимизда камёб саналиб, айниқса, қурилиш индустриясида кенг фойдаланилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган барча ишлаб чиқариш жараёнларимизда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш кўлами кун сайин кенгаймоқда. Корхонамиз жамоаси ички бозорни тўлиқ таминлаб, яқин қўшни давлатларга экспорт қилиш режасини ҳам узвий бажармоқда, - дейди корхона директори ўринбосари Бобур Артикходжаев.

Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида “Чирчиқмаш”, “Осиё машинақурилиш корхонаси” каби илғор технологиялар асосида тайёрланган замонавий техникалар, ускуналар билан ички ва ташқи бозорни таъминлашга эришаётган жамоаларнинг иш тажрибаси кенг ўрганилмоқда.

Саноат кўргазмаси 26 ноябрь куни ўз ишини давом эттиради.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?