Самарқандлик шахмат маликаси Зулфиячи қизлар қаторида

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Президентимизнинг “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мукофотланган бир гуруҳ иқтидорли қизлар орасида самарқандлик Афрўза Ҳамдамова ҳам борлиги барчамизни қувонтирди.
Ёшлар ўртасида 20-карра Ўзбекистон чемпиони, 15-карра Осиё чемпиони, 7-карра жаҳон чемпиони бўлган бу қизни нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда билишади, десак, муболаға бўлмайди.
— Юртбошимиз менинг ютуқларимни шунча юқори баҳолаб Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлади. Бундан жуда мамнунман, — дейди А. Ҳамдамова. — Келгусида бундай юксак ишончга муносиб бўлишга ваъда бераман.
Самарқанд шаҳридаги 42-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Афрўза Ҳамдамова спортнинг шахмат тури бўйича профессионал даражада шуғулланиб келади. У ФИДE спорт устозлигига номзодликни 2017 йилда, ФИДE спорт устасини 2022 йилда, аёллар ўртасида халқаро спорт устаси унвонини 2024 йилда қўлга киритган.
Ёш бўлишига қарамасдан кейинги 4-5 йилнинг ўзида кўпгина халқаро мусобақалар ва жаҳон чемпионатларида муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Ютуқларининг ҳам салмоғи шунга яраша.
2023 йилнинг 12-22 ноябрь кунлари Италиянинг Монтесильвано шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасида биринчи ўринни эгаллаб, хотин-қизлар орасида шахмат бўйича Ўзбекистоннинг биринчи жаҳон чемпиони бўлиб тарихга кирди.
2024 йилнинг 28 октябрь — 10 ноябрь кунлари Бразилиянинг Флорианополис шаҳрида 16 ёшгача бўлган шахматчилар иштирокида ўтказилган жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллаб, хотин-қизлар ўртасидаги шахмат бўйича Ўзбекистоннинг 2 карра жаҳон чемпиони бўлди.
Афрўза Ҳамдамова шахматнинг асосий — стандарт йўналиши бўйича Ўзбекистоннинг аёллар ўртасидаги биринчи ва ҳозирча ягона жаҳон чемпиони ҳисобланади.
— Ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиб, Microsoft Office Excel, Microsoft Office Word дастурларида ишлашда етарлича билимга эга бўлдим, — дейди А. Ҳамдамова. — Шу билан бирга, ўзбек тилидан ташқари форс-тожик, рус ва инглиз тилларини ҳам ўргандим. Ҳозир хитой, корейс ва турк тилларини ўрганяпман. Бунда менга яқиндан ёрдам бераётган устозларимга миннатдорлик билдираман.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг