Самарқанддаги “Саховат” уйидагилар саховатга муҳтож (видео)
Самарқанд шаҳридаги “Саховат” кексалар ва ногиронлар учун интернат уйида бугунги кунда 131 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган киши яшаб келмоқда.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов мазкур муассаса фаолияти билан танишиб, бу ерда олиб борилаётган ишлар мутлақо қониқарсиз эканлигини айтди.
Муассаса ҳудудида ободонлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бино атрофи қаровсиз. Бу ҳолат ҳар қандай кишининг кўнглини хира қилади. Бино ичидаги манзара унданда аянчли: лифт ишламайди, хоналар димиққан, ювиниш хоналари тозалик талабларига жавоб бермайди, ҳожатхоналардаги антисанитария ҳолати ачинарли, буни бир сўз билан изоҳлаш қийин. Умуман олганда, бу ердаги ҳолат гигиеник талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Бу ердаги инсонлар ёзнинг жазирама кунларини мана шу димиққан хоналарда ўтказишга маҳкум. “Саховат” уйида ёзги павильон мавжуд бўлса-да, шароит яратилмагани боис бу ерга ҳеч ким қадам босмайди. Бадиий адабиётлар эскириб кетган. Газета ва журналлар ўз вақтида келтирилмайди.
Муолажа хонасида музлатгичнинг йўқлиги боис дорилар қоидага зид равишда сақланмоқда. Шундан ҳам билса бўладики, кексаларга бу ерда тиббий хизмат кўрсатишнинг аҳволи қай даража эканлигини.
“Саховат” уйидаги муаммолар сабаби тўғрисида муассаса директори Толиб Саидов жўяли бир гап айта олмади. Турли баҳоналарни рўкач қилиб ўзини оқлашдан нарига ўтмади.
Бу ерда 100 га яқин хизмат кўрсатувчи ходимлар давлатдан маош олиб ишласа-да, кексаларнинг дардига дармон бўла олаётгани йўқ.
“Саховат” уйи фаолиятини қисқа муддатли ўрганиш жараёнида тегишли назорат органлари томонидан катта миқдордаги молиявий камомадлар борлиги аниқланди.
Иш берувчининг ташаббуси билан муассаса раҳбари Толиб Саидов эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг