Самарқандда яшил тоифадаги мактаблар сони кўпайди

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятидаги 1263 та умумтаълим мактаби, 42 та нодавлат таълим муассасасида «Биринчи қўнғироқ» тадбири кўтаринки руҳда ўтди. Самарқанд шаҳридаги 64-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими мактаб жамоаси, ўқувчи ва ота-оналарни янги ўқув йили билан табриклади. Вилоятдаги мактабларнинг 1-синфига қабул қилинган болаларга ўқув қуролларидан иборат «Президент совғалари» етказиб берилди.
Ўтган ўқув йилида мавжуд мактабларни 49315 нафар битирувчи тугатган бўлса, 2024-2025 ўқув йилида 81 минг нафарга яқин болалар 1-синфга қабул қилинди. Айни пайтда вилоятда 4 та мактаб янгидан қурилиб, 90 та мактабда реконструкция, 12 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунинг учун 446,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Янги ўқув йили учун «Зўр» лойиҳаси асосида 42 нафар хорижлик мутахассис жалб этилди. Улар таълим берадиган мактабларда маҳаллий ўқитувчилар учун маҳорат дарслари ташкил этилиши режалаштирилган.
Шу пайтга қадар ҳар бир туман ва шаҳарнинг касб-ҳунар турига бўлган эҳтиёжи, мослашуви ҳамда ихтисослашганлигини инобатга олган ҳолда, вилоятдаги 16 та мактабда 14 та йўналишда касблар ўргатилаётган эди. Энди ҳар бир туман ва шаҳарда яна 5 тадан, жами 80 та мактабда 24 йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўргатиш йўлга қўйилади. Янги ўқув йилидан бошлаб жами 96 та мактабда юқори синф ўқувчиларига касб-ҳунар ўргатилади.
Қўшработ, Нуробод, Каттақўрғон туманларининг олис ҳудудларида бошқа вилоятдан келиб дарс бераётган тажрибали ўқитувчилар фаолияти ҳам яхши самара беряпти. Масалан, Нуробод туманидаги 55-, Қўшработдаги 19-мактаблар бундан икки йил аввал қизил тоифада эди. Бошқа вилоятдан келиб фаолият бошлаган устозлар саъй-ҳаракати билан бу таълим муассасалари бугунги кунда яшил тоифадаги мактабларга айланди.
Ўтган ўқув йилида 68 та мактаб янги баҳолаш тизимига ўтказилганди. Натижада, таълим сифати ошган ва юқори натижаларга эришган ушбу мактаб жамоаларига 40 фоизгача устамалар белгиланиши мактаблар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтирди. Янги ўқув йилидан яна 50 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг