Самарқандда UNWTOнинг юбилей сессияси бошланмоқда

13:09 16 Октябр 2023 Welcome to uzbekistan
5257 0

Самарқандда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси бошланмоқда. Мазкур нуфузли тадбирда 130 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этяпти. Улар орасида вазирлар, йирик туристик компаниялар раҳбарлари, тадбиркорлар, умуман, туризм индустрияси вакиллари бор.

UNWTO Бош Ассамблеяси 25-сессияси доирасида Глобал инвестиция форуми ва кўргазма ташкил этилади. 17–18 октябрь кунлари ўтказиладиган форумда вазирлар ва халқаро молия институтлари раҳбарлари даражасида муҳокамалар, 5 та панель сессияси ҳамда 22 та тақдимот ўтказилиши режалаштирилган.

Форум доирасида Ўзбекистоннинг 14 ҳудудининг туристик-инвестицион салоҳияти, Зомин, Чорвоқ, Чимён туристик-рекреацион зоналар, Марказиё Осиё давлатлари, шунингдек, Япония, Чехия, Франция ва Бразилиянинг 4 та стартап лойиҳалари намойиш этилади.

Мазкур анжуманни ёритишда 120 га яқин хорижий ва 130 дан ортиқ маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этяпти. Матбуот маркази 100 ўринга эга бўлиб, у ерда 70 та юқори тезликдаги интернет билан таъминланган компьютерлар журналистлар учун хизмат қилмоқда.

Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида бошланаётган Жаҳон туризм ташкилоти тадбирлари дастурининг биринчи куни ҳам воқеаларга бой кечиши кутиляпти. Куннинг биринчи ярмида Статистика ҳамда Дастур ва бюджет қўмиталари йиғилиши, шунингдек, махсус вакиллар иштирокидаги ялпи мажлис бўлиб ўтади. 

Куннинг иккинчи ярмида Бош ассамблеянинг 25-сессияси тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Шунингдек, кун тартибидан дастлабки тадбирлар якуни бўйича UNWTO масъул вакиллари ҳамда Туризм қўмитаси раҳбарияти иштирокида брифинг ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Бош қароргоҳи Испаниянинг Мадрид шаҳрида жойлашган Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти UNWTO 1946 йилда ташкил топган. Айни дам ушбу ташкилотга 160 та давлат аъзо, 6 таси ассоциация аъзоси бўлса, яна иккитаси кузатувчи ҳисобланади. 

Ўзбекистон бугунги кунда Жаҳон туризм ташкилотининг энг фаол аъзоларидан биридир. UNWTO “Ипак йўли” лойиҳаси доирасида мамлакатимизни етакчи ҳамкорлардан бири сифатида эътироф этади. Ташкилот раҳбарияти Ўзбекистонни ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган бебаҳо маданий ва тарихий обидаларга, моддий ва номоддий меросга эга ўзига хос давлат, деб ҳисоблайди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер