Самарқандда туризм хизматлари экспорти 500 миллион долларга етказилади

12:17 16 Сентябр 2024 Жамият
219 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Жорий йилда вилоятга 1 миллион 253 минг хорижий, 1 миллион 742 минг нафар маҳаллий сайёҳлар келган. Ўтган йилга нисбатан 1,4 баробарга кўп.

Шу йили вилоятда 910 ўринли 6 та меҳмонхона, 11 та хостел, 40 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилиб, 45 та туристик компания фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг умумий сони 347 тага етди. Йил бошидан 255 миллиард 850 миллион сўмлик 14 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Жумладан, 132 миллиард сўмлик 6 та меҳмонхона, 55 миллиард сўмлик битта санаторий-соғломлаштириш маркази, 13 миллиард сўмлик 3 та экотуризм дам олиш маскани, шунингдек, транспорт хизмати, логистика, автокемпинг ва бошқа хизматлар лойиҳалари ишга туширилди.

— Самарқанд кейинги пайтда халқаро тадбирлар мезбони сифатида бутун дунё нигоҳини ўзига қаратмоқда, — дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов. — Қисқа фурсатда, Самарқандда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати, «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси» VIII халқаро конгресси, «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали, триатлон бўйича «Challenge Samarkand» халқаро мусобақаси ҳамда дунёдаги иккита йирик тўқимачилик ассоциациясининг биринчи қўшма конференцияси ўтказилди. Мазкур нуфузли тадбирларда қитъамизнинг 100 дан зиёд мамлакатидан турли соҳа вакиллари келди.

Йилнинг иккинчи ярмида вилоятимизга ташриф буюрадиган хорижлик сайёҳлар сонини 2,5 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 500 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Хусусан, 26-29 сентябрь кунлари Япониянинг «Tourism EXPO Japan 2024», 3-6 октябрь кунлари Малайзиянинг «INTAC» (The International Tourism and Cultures, Exhibition&Conference), 22-26 октябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳридаги «Gunagzhou Lighting Fair 2024» ва 21-23 октябрь кунлари АҚШнинг Маями штатида «WTE Miami» халқаро туризм кўргазмаларида вилоятнинг туризм соҳаси вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этади.

Бундан ташқари, йил якунига қадар 16 та жойлаштириш воситаси (2 та меҳмонхона, 4 та хостел, 10 та оилавий меҳмон уйи), 8 та туроператор ва 7 та турагентлар фаолияти йўлга қўйилади. Нуробод туманидаги Оқсой маҳалласида «Туризм қишлоғи» ташкил этилиб, Самарқанд шаҳрида 2 та 239 миллиард сўмлик замонавий савдо-кўнгилочар маскани, Самарқанд туманида қиймати 15 миллиард сўмлик экотуризм дам олиш маскани лойиҳаси ишга туширилади. Туризм инфратузилмаларини яхшилаш мақсадида ўзбек, хитой, араб ва инглиз тилларида қўшимча 15 та туристик кўрсаткичлар, ҳудудларда Wi-Fi нуқталари ташкил этилади. Вилоятда фаолият кўрсатувчи йирик туристик ташкилотлар билан Европа, Осиё мамлакатлари ва МДҲ давлатларида сайёҳларни жалб қилиш бўйича ҳар бир ҳудуд учун туристик пакетлар ишлаб чиқилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?