Самарқандда таълим соҳасида Сингапур тажрибаси қўлланилмоқда

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Сингапур маориф соҳасига катта сармоя киритиб, юксак натижаларга эришаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Илмий-техник ривожланиш соҳасида жаҳонда етакчи мамлакатлардан бирига айланган. Аҳолисининг саводхонлиги бўйича ҳам дунёда юқори кўрсаткичга эга.
Бугунги кунда Самарқанддаги умумтаълим мактабларда ҳам мазкур тажриба асосида “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” ташкил этилган бўлиб, вилоятдаги умумий ўрта таълим мактаблари директорлари, ўқитувчилари Сингапур халқаро таълим дастурлари асосида малакасини оширмоқда.
— Вилоятдаги 1266 та умумтаълим мактабида “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати”ни ўтказиш бўйича ўқитувчилар рўйхати шакллантирилган бўлиб, жорий йилнинг октябридан бу тизим йўлга қўйилди, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Озоджон Жангиров. — Жумладан, аниқ ва табиий фанлар йўналишида 17 нафар мастер-тренер, 96 нафар ментор-тренер, 2526 нафар етакчи ўқитувчи ва 10 минг 223 нафар фан ўқитувчилари жалб этилди. Шунга кўра, мазкур йўналишда 90 та мактабда машғулотлар ўтказилмоқда.
Вилоят педагогик маҳорат марказида ҳар ойнинг биринчи ва учинчи ҳафтасида сингапурлик мутахассислар вилоятдаги ҳар бир мактабдан келган бир нафар етакчи ўқитувчиларга таълим жараёнидаги ўз тажрибасини ўргатади. Малака оширган етакчи ўқитувчилар олган тажрибасини ҳамкасбларига ўргатади. Буни таълим жараёнида ҳам қўллайди. Бунинг учун уларга ойлик маошининг 20 фоизи тўлаб берилади.
— Ҳозир вилоят педагогик маҳорат марказида аниқ ва табиий фанлар йўналишида Сингапур тажрибасини ўрганяпмиз, — дейди Тойлоқ туманидаги 3-умумтаълим мактаби биология фани ўқитувчиси Дилором Ибодуллаева. — Жараёнда табиий фанларни ўқитишда Сингапурнинг “MARSHALL CAVENDISH EDUCATION” ўқув дастурига киритилган беш босқичли “5 Е” модули бизга манзур бўлди. Жумладан, модулнинг биринчи замонавий жалб қилиш босқичида ўқувчининг мавзуга мос муаммоли видео, расм, савол ёки жадвал билан эътиборини тортиш ва диққатини дарсга қаратиш мумкин. Иккинчи тадқиқ қилиш босқичида ўқувчи янги мавзуни ўзлаштириши учун қизиқарли топшириқлар берилади. Ўқитувчи ўқувчиларга илмий тадқиқот методлари ва мавзуга оид илмий тушунчаларни амалий топшириқ орқали ўрганишни таклиф этади. Учинчи тушунтириш босқичида ўқитувчи ўқувчилардан аввалги босқичларда нимани ўрганганлари ва кузатганларини тушунтиришни сўрайди. Ўқувчилар илмий тушунчаларни яхшироқ ўзлаштиришлари учун дарсда нафақат вербал, балки видео, аудио материаллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. “5 Е” модулининг тўртинчи қўллаш босқичида ўқувчилар тадқиқ этиш ва тушунтириш босқичларида ўрганган билим ва кўникмаларини нотаниш вазиятларда қўллайди. Ушбу босқичда фанлараро интеграцияни таъминлаш мақсадга мувофиқ. Табиий фанларни математика, санъат, технология ва бошқа фанлар билан боғлиқ ҳолда ўрганиш илмий тушунчаларни яхшироқ ўзлаштиришга имкон беради. Модулнинг сўнгги бешинчи баҳолаш босқичида ўқувчилар ўзини-ўзи баҳолайди.
Шу ўринда айтиш керакки, яқиндагина Самарқанд вилоят педагогик маҳорат марказида замонавий тарзда қайта таъмирланган янги бино фойдаланишга топширилди. Мазкур бинода 12 та 300 ўринли замонавий ўқув хоналар, виртуал лаборатория хонаси, ситуацион дарс машғулотлари трансляция қилинадиган хоналар тўлалигича таъмирланиб, барча зарур қулайликлар яратилди. Хоналарга янги мебель жиҳозлари, интерфаол доскалар ҳамда 30 та моноблоклар ўрнатилди.
— Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан Марказимиздаги мазкур бинонинг таъмири учун бюджет маблағлари ҳисобидан 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилган эди. Шунинг ҳисобига бино замонавий тарзда таъмирланиб, энг сўнгги русумдаги жиҳозлар билан таъминланди, — дейди Самарқанд вилоят педагогик маҳорат маркази директори Аъламжон Ибрагимов. — Жорий йилнинг 30-сентябрида Давлатимиз раҳбари малака ошириш таълимини ривожлантириш бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказиб, унда вилоят ҳокимларига малака ошириш таълим муассасаларини замонавий шаклга келтириш, уларни энг юқори даражадаги таълим муассасаларига айлантириш бўйича топшириқ берганди. Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи тузилиб, чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат Миллий институтида яратилган шароитларни вилоят ҳокимининг ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ бориб ўрганди. Самарқанд вилоят педагогик маҳорат марказининг барча биноларини ҳам ана шу лойиҳа асосида қайта таъмирлаш ишлари бошланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг