Самарқандда Шаржа амирлигининг археологик топилмалари кўргазмаси очилди

12:05 19 Апрель 2024 Маданият
441 0

Фото: "Халқ сўзи"

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети қошидаги Арт-Резиденцияда Шаржа амирлигининг археологик топилмалари кўргазмаси очилди.

Очилиш маросимида БАА Шаржа амирлиги Ҳукумати ижрочи раиси Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Шаржа археология бошқармаси бош директори Эйса Юсуф, БАА делегацияси вакиллари, маҳаллий мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда кўргазма икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидланди.

— Шаржа қадимий тарихга эга. Бу ҳудудда кўплаб экспонатлар топилган. Аҳамиятли томони шундаки, бу топилмаларнинг 80 фоизи илк бор Ўзбекистонда кўргазмага қўйилди, — деди вазир Азиз Абдуҳакимов. — Кўргазмадан Арабистон ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар тарихи ҳамда Шаржа Амирлигининг неолит давридан Исломгача бўлган даврига оид 170 дан ортиқ археологик топилмалар ўрин олган.

— Шаржа амирлиги археологик топилмалари кўргазмасининг айнан Ўзбекистонда очилгани ўзига хос аҳамиятга эга. Негаки икки давлатнинг маданияти, тарихи, эътиқоди муштарак, — деди Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий. — Жумладан, Самарқанд Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган бўлиб, у нафақат товарлар, балки ғоялар алмашинувига хизмат қилган. Бу узоқ вақт олдин, тош асрида, инсон Африкадан чиқиб, Арабистонга келганида бошланган. Шаржа амирлиги ҳудуди денгиз ипак йўлида жойлашган бўлиб, қадимдан бир томондан Юнонистон ва Рим, иккинчи томондан Ҳиндистон, Марказий Осиё ва Хитой ўртасида кўприк бўлиб келган.

Шаржадаги Млейха археологик ёдгорлигида сарой, истеҳкомлар, уйлар ва инсонлар ҳамда ҳайвонлар қабрлари топилган. Топилмаларнинг умумий майдони 3 километрга чўзилган. Млейхадан узоқ бўлмаган ҳудудда эса археологлар олтин, кумуш, бронза, темир, фил суяги, алебастр, шиша ва бошқалардан ясалган, безатилган буюмлар ҳам топилган. Бу буюмларда қадимги Миср, Юнон, Рим, Парфия, Ўрта Осиё, Ҳиндистон маданияти изларини кўриш мумкин.

Кўргазма 22 апрелгача давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?