Самарқандда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни нишонланди

15:49 11 Декабрь 2023 Жамият
200 0

Фото: “Халқ сўзи”

Унда вилоятнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган илғор деҳқон ва фермерлар, боғбон ва чорвадорлар, пиллакор ва соҳибкорлар, сувчи-ирригаторлар, агроном ва механизаторлар, агрокластерлар вакиллари ҳамда олимлар иштирок этди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов самарқандлик қишлоқ хўжалиги ходимларини байрам билан табриклаб, бу йил эришилган натижаларни эътироф этди.

Қайд этилганидек, қишлоқ хўжалик соҳаси энг шарафли, айни вақтда машаққатли тармоқлардан биридир. Ҳеч бир йил, ҳеч бир мавсум соҳа вакиллари учун осон кечмайди, ўзига хос синовлар, мураккабликлар бўлади. Шу жиҳатдан бу йил ҳам глобал иқлим ўзгаришлари, хусусан, ёз фаслининг кескин иссиқ бўлиши, сув ресурслари тақчиллиги деҳқонларимизнинг ирода ҳамда матонатини синовдан ўтказди.

Соҳада узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги ходимлари бу синовлардан муваффақиятли ўтиб, салмоқли натижаларга эришдилар. Жумладан, якунига етаётган йилда вилоятда 713 минг тонна ғалла, 274,1 минг тонна пахта, қарийб 2 миллион тонна сабзавот, 760 минг тонна картошка, 172 минг тонна полиз маҳсулотлари, 388 минг тонна мева, 637 минг тонна узум, 3,3 минг тонна пилла, 338 минг тонна гўшт ҳамда 1,5 миллион тонна сут тайёрлашга эришилди.

Бунда вилоятда фаолият кўрсатаётган 12 та пахта-тўқимачилик, 13 та ғаллачилик, 13 та мева-сабзавотчилик, 6 та картошкачилик ва 1 та доривор ўсимликларни етиштирувчи кластерлар фаолияти муҳим аҳамият касб этди.

Тантанали байрам тадбирида қишлоқ хўжалиги ходимларининг бир гуруҳи “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Ветеринария фидойиси”, “Сув хўжалиги аълочиси”, “Чорвачилик фидокори” кўкрак нишонлари, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?