Самарқандда «права» олиш учун имтиҳон автоматлашган тизимда ўтказилади

16:02 12 Август 2024 Жамият
204 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун янги имтиҳон маркази иш бошлади. Мазкур инновацион мажмуанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими, республика масъуллари ва туман раҳбарлари иштирок этди. Қатнашчилар марказда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

«Самарқанд вилояти имтиҳон маркази» инновацион мажмуаси ҳар куни назарий имтиҳон топшириш бўйича 800 га яқин номзодни, автомобиль бошқариш имтиҳони бўйича 400 нафар номзодни қабул қилади. Номзод марказга келганида ўзига тегишли индивидуал QR-кодини олади. Бунда у топширадиган имтиҳонларнинг ҳар бир босқичи белгилаб қўйилган. Назарий имтиҳондан ўтиш учун 20 та саволдан 18 тасига тўғри жавоб бериш талаб этилади. Шу синовдан ўтган номзод ҳайдовчилик бўйича амалий имтиҳонни топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Кутиш залида унга зарур кўрсатмалар берилади. Қайси машғулотларни ва қандай кетма-кетликда бажариш кераклиги тўлиқ акс эттирилган видео намойиш этилади. 99 жарима балл чегарасидан ошиб кетилмаса, имтиҳон топширилган ҳисобланади. Агар номзод амалий имтиҳондан ўтолмаса, у назарий имтиҳонни муваффақиятли топширган пайтдан бошлаб 2 ой ичида 7 кунлик интервал билан қайта топшириши мумкин.

Амалий имтиҳонни топшириш учун марказда учта майдонга бўлинган автоматлаштирилган автодром мавжуд. Бирида «B», «C» ва «D» тоифалари, яъни енгил автомобиль, юк машинаси ва автобусни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга даъвогар номзодлар имтиҳон топширади. Иккинчи майдонда «А» тоифаси учун – мототранспорт бошқариш ҳуқуқига эга бўлишни хоҳловчилар амалий кўникмаларини намойиш этади. Учинчи майдон «BE», «CE» ва «DE» тоифалари учун, яъни тиркамали автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича имтиҳонларга мўлжалланган.

Назарий ва амалий имтиҳонлар бўйича қўшимча тайёргарликка муҳтож номзодлар учун марказда экспресс-курслар мавжуд.

Имтиҳонларнинг иккала босқичи муваффақиятли топширилгандан сўнг, сертификат берилади. Номзодлар сертификат билан вилоят ЙҲХБга мурожаат қилиши лозим. Сертификат маълумотлар базасида текширилганидан сўнг, уларга белгиланган тартибда ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилади.

Бундай марказларнинг фаолияти ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш соҳасидаги коррупцияга тўлиқ барҳам бериш имкони борлигини амалда намоён этмоқда. Бу ўз навбатида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шартидир. Чунки имтиҳонни муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги гувоҳномани фақат йўл ҳаракати қоидаларини, ҳайдовчилик кўникмаларини амалда қўллайдиганлар олиши шарт.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер