Самарқандда МДҲ кутубхоначиларининг халқаро форуми ўтказилди

19:41 15 Май 2024 Жамият
250 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Маълумки, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг 2023 йил 13 октябрдаги қарорига мувофиқ Самарқанд шаҳри Ҳамдўстликнинг 2024 йилги маданият пойтахти деб эълон қилинган.

Шу муносабат билан 15 май куни қадим кентда «Марказий Осиё — 2024: Фан, таълим, маданият ва бизнесда Интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» XVII халқаро конференцияси доирасидаги «Кутубхона ҳамдўстлиги: ҳамкорлик ва инновациялар» мавзусида МДҲ кутубхоначиларининг халқаро форуми бўлиб ўтди.

Унда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар миллий кутубхоналари, Москва ҳамда Санкт-Петербург давлат маданият институтлари, болалар ва ёшлар кутубхоналари, Марказий Осиё чегара кутубхоналарининг 50 дан ортиқ раҳбар ва етакчи мутахассислари қатнашди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросими Самарқанд шаҳрида янги бунёд этилаётган «Ширин» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексининг дирекциясида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этиб, иштирокчиларни қутлади.

Тадбирда 2025 йилда Марказий Осиё болалар кутубхоналари форумини Самарқандда ўтказиш таклифи ўртага ташланди. Бу тадбир бугунги кунда вилоят болалар кутубхонаси фаолият олиб бораётган, 1911 йилда қурилган тарихий бинонинг таъмирланиб фойдаланишга топшириш маросимига уланиб кетиши таъкидланди.

Форум доирасида қатор мавзуларда семинарлар ҳам ташкил этилди. Уларда иштирокчилар кутубхоналарни замонавий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини, рақамли муҳитда босма ва қўлёзма меросларининг тақдимоти, мутолаани тарғиб қилиш дастурлари, кутубхоналарда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш каби масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар.

— Ўзбекистон мен учун қадрли, Тошкентда бир неча йил яшаганман, кутубхоначилик соҳасида меҳнат қилганман, — дейди Санкт-Петербург маданият институти ахборот-кутубхоначилик факультети декани Валентина Бережнева. — Самарқандда ҳам бўлганман. Ўйлайманки, бу қадим кентда МДҲ кутубхоначилари халқаро форумининг ўтаётгани барча учун қизиқарли ва мазмунли бўлади. Тадбир турли давлатларда фаолият юритаётган соҳа мутахассисларининг тажриба алмашишига, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Форум ёшлар ўртасида китоб ва китобхонликни оммалаштириш, тарғиб қилиш бўйича МДҲда амалга оширилаётган энг яхши усул ва лойиҳаларни аниқлаш, ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари учун китобхонлик маданиятини ошириш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш, ахборот-кутубхона ва нашриёт-матбаа соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим майдон вазифасини ўтайди.

Тадбир давомида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Россия Давлат кутубхонаси, Хоразм вилояти Маҳмуд аз-Замахшарий номидаги ахборот-кутубхона маркази ва Владимир Владимирович Маяковский номидаги жамоат кутубхонаси, Сурхондарё вилояти Адиб Собир Термизий номидаги ахборот-кутубхона маркази ва Тожикистон Миллий Фанлар академияси Индира Ганди номидаги Марказий илмий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Анжуман 16 май куни Жиззахда ўз ишини давом эттиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?