Самарқандда хайрия маблағлари ҳисобидан спорт майдончаси барпо этилди

11:28 15 Август 2025 Жамият
98 0

Самарқанд шаҳридаги Нурафшон маҳалласида “Самарқанд марафон” Болалар академияси ҳузурида янги спорт майдончаси фойдаланишга топширилди.

Умумий майдони 600 квадрат метр бўлган ушбу майдонча Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда рақамли тўловлар саноатининг етакчиси — Виза компанияси ташаббуси билан барпо этилган.

Айтиш жоизки, “Самарқанд марафон” Болалар академияси аутизм спектри бузилиши, даун синдромига чалинган, эшитиш ва кўриш қобилияти чекланган болалар ва ўсмирларни қўллаб-қувватлаб келади.

Янги спорт майдончаси “Самарқанд марафон серияси” доирасида йиғилган хайрия маблағлари ҳисобидан қурилди. 20 та спорт анжоми ва 17 турдаги жиҳозлар билан таъминланган соғломлаштириш иншоотидан барча фуқаролар бепул фойдаланиши мумкин.

Самарқанд марафон югуриш мусобақалари серияси шунчаки марафон эмас, балки хайрия платформаси ҳамдир. Бу лойиҳа орқали иштирокчиларнинг ҳиссаси ва тўловлари ёрдамида шаҳарларда инклюзив спорт майдонларини яратишга кўмаклашилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?