Самарқандда йўл қурилиши кўлами кенгаймоқда

10:29 09 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
1205 0

Самарқанд вилоятида 16 минг 319 километр автомобиль йўллари мавжуд. Шундан, 4 минг 97 километри умумий фойдаланишдаги, 12 минг 222 километри хўжаликлараро ички автомобиль йўллардир.

Жорий йилга мўлжалланган дастурларга асосан вилоят ҳудудидан ўтувчи 923,8 километр автомобиль йўлларида 378,7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Кейинги йилларда кенг миқёсда амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, айниқса йўл инфратузилмасини яхшилаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Самарқанд шаҳрининг кўчалари ҳам унинг бетакрор кўрку тароватига ўзгача шукуҳ бағишламоқда.

Бевосита рақамларга тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда шаҳарда жами 1821 та кўча мавжуд бўлиб, уларнинг умумий узунлиги 848,6 километрни ташкил этади. Шундан 444,6 километри шаҳар марказий кўчалари бўлса, 403,4 километри шаҳар ички кўчалари ҳисобланади. Мазкур кўчаларни ўз муддатида таъмирлаш ва белгиланган меъёрлар асосида сақлаш бўйича зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Рақамлар тилга кирганда амалга оширилган ишлар, албатта, қиёсий таҳлил қилинади. Биз ҳам ўтган йиллар мобайнида йўл қурилиши бўйича амалга оширилган ишларни ўтган йиллар давомида бажарилган ишларга қиёслаймиз.

Мисол учун, 2015 - 2018 йиллар, яъни 4 йил давомида шаҳар бўйича жами 110 километр йўл таъмирланган бўлса, биргина 2019 йил давомида 160 километр ички йўллар мукаммал ва жорий таъмирланди. Жорий йилга белгиланган ишларнинг лойиҳа қиймати эса 147 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Бу маблағ ҳисобидан 76,9 километр масофада йўл қуриш, мавжудларини мукаммал таъмирлаш назарда тутилган.

— Қадимий шаҳарда қурилиш ишларини олиб бориш алоҳида масъулият талаб этади. Шу боис, Самарқанд шаҳрининг 2040 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси ишлаб чиқилиб, уни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси ҳукуматга тақдим этилган, — дейди шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Рустам Олимов. — Бош режа лойиҳасига мувофиқ шаҳарда 14 та ажратма йўл, 6 та кўприк қурилиши кўзда тутилган. Хусусан, Гагарин кўчасининг давомини қуриб, кенгайтириш ҳисобига М-39 йўлини Хўжа Аҳрори Вали кўчаси орқали М-37 билан боғлаш, Навоий шоҳкўчаси давомини қуриш орқали Ал-Хоразмий кўчаси билан боғлаш ва бошқа кўплаб янги йўллар қуриш режалаштирилган.

Айни пайтда Самарқанд вилояти жамғармасига қўшимча ажратилган 25 миллион доллар маблағ ҳисобидан 10,3 километр магистраль йўлларни қуриш, 67,6 километр ички йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан Афросиёб, Усто Умар Жўрақулов, М-37 магистраль йўлидан М-39 магистралининг 1086 километригача йўл қуриш ишлари давом этмоқда.

Бундан ташқари, Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида лойиҳа қиймати 67,7 миллиард сўм бўлган тоннель қурилиши ишлари олиб борилмоқда. Мазкур тоннелнинг умумий узунлиги 534 метр, тоннель қисмининг узунлиги 93 метрни ташкил этади. Ушбу тоннель билан бирга Бўстонсарой кўчаси бўйлаб кенглиги 6 метр бўлган пиёдалар ер ости ўтиш йўлкаси ҳам қурилади. Тоннель қурилиши муносабати билан кўчадаги 1 километр табиий газ, 2,5 километр электр тармоғи 1,4 километр ичимлик суви, 1,4 километр оқова сув, 10,3 километр алоқа тармоқлари янгиланиб, бошқа жойга кўчирилмоқда.

Йўл қурилиши бўйича жорий йил бошида Гулобод кўчасида ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Кўчанинг 2,4 километр қисмида тубдан қайта қуриш ишлари олиб борилди. Натижада 9-10 метр кенгликдаги кўча реконструкциядан кейин 4 тасмали, кенглиги 15 метр бўлган замон талабларига мос кўчага айланди. Кўчанинг ҳар икки томонидан ирригация лотоклари, пиёдалар юриш йўлаги ва кўкаламзорлаштирилган майдонлар қурилди. 120 та темир устунлар ўрнатилиб, 120 та тунги ёритгичлар билан жиҳозланади. Шунингдек, мазкур кўчадаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари давомида 3,2 километр оқова сув, 2,1 километр ичимлик суви, 8 километр электр энергияси, 2,6 километр табиий газ, 5,8 километр шиша толали алоқа тармоқлари ўтказилди.

Афросиёб кўчасида ҳам жорий йилнинг биринчи ярмида 1,8 километр масофада реконструкция ишлари бажарилди. Умумий қиймати 16,2 миллиард сўм бўлган қурилиш ишлари амалга оширилган кўчадан янги, юқори босимли ичимлик сув ва оқова сув қувурлари ҳамда замонавий ирригация тизимлари ўтказилди.

Бугунги кунда шаҳарда йўл қурилиши бўйича амалга оширилаётган энг катта лойиҳалардан бири Усто Умар Жўрақулов кўчаси ҳисобланади. Биринчи маршрут сифатида қайта қурилаётган кўча янгича қиёфа касб этиб, шаҳарнинг кўркига айланадиган энг замонавий кўча бўлади. Айни пайтда Бош режага мувофиқ, кўчада қайта қуриш, реконструкция ишлари қизғин давом этмоқда.

Вилоят бўйича эса умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида 110,6 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари белгиланган. Шунингдек, 285,9 километр қишлоқ ва овулларнинг ички йўллари ҳамда шаҳар кўчаларида 102,9 миллиард сўмлик қурилиш режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда кейинги йилларда йўлсозлар томонидан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида йиллар давомида қаровсиз қолиб келган кўплаб кўчалар обод бўлиб, Самарқанднинг довруғи ва номига мос ҳолатга келтирилмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер