Самарқандда ҳам экологик муҳитни яхшилаш учун зарур чоралар кўрилмоқда

12:22 02 Декабрь 2025 Жамият
193 0

Ҳавода кузатилаётган ифлосланишини камайтириш, атмосферадаги чанг ва заҳарли газлар кўпайишининг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилоятида ҳам зарур чоралар кўрилиб, тоза ҳаво бўйича экологик назорат ўрнатилмоқда.

Ана шу мақсадда вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, улар ҳудуддаги саноат корхоналари, қурилиш объектларида атмосферага кўтарилиши мумкин бўлган чанг, газли ташланмалар, яшил белбоғ ташкил этиш, чиқинди ва оқова сувларнинг ҳолатини ўрганиш борасида назорат тадбирларини олиб боришмоқда.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги “Жомбой яшил чироқлари” масъулияти чекланган жамияти бир неча йил олдин тўлиқ кўмир ёқилғисига ўтган ва атмосферага зарар етказмасдан маҳсулот ишлаб чиқариш технологиясини жорий этган.

- Ҳозирда кунига 120 тонна кўмир ёқамиз ва 700 тонна цемент ишлаб чиқарамиз, — дейди жамият раҳбари Фахриддин Жўраев. — Бунинг учун Хитойдан қарийб 3,7 миллиард сўмга 2 мингга яқин ҳаво тозалаш фильтрлари олиб келиб ўрнатдик. Бу қурилмалар ҳавога ташланмаларни 99,4 фоизгача тозалайди ва ҳар олти ойда фильтрларни янгилаймиз. Шу тариқа атмосферага зарарли ташланмалар чиқарилишининг олди олинмоқда.

Шунингдек, Самарқанд вилоятининг барча ҳудудларида махсус техникалар кун давомида кўчаларга сув сепиш, чангни камайтириш, дарахт ва кўкаламзорларни ювиш каби амалий жараёнларни бажармоқда. Ушбу ишлар шаҳар манзарасини янада тоза ва чиройли кўрсатиш билан бирга, экологик вазиятни яхшилашга ҳам катта ёрдам беради.

- Самарқанд шаҳридаги кўчаларга сув сепиш, дарахтларни ювиш ишлари туманларга ҳам кўчди, — дейди Самарқанд вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси масъул ходими Шерали Искандаров. — Шаҳар ва туманлар марказидаги фавворалар кундуз кунлари ишлатиб қўйилмоқда. Икки ҳафта ичида 100 мингдан ортиқ дарахтни тозалаш режалаштирилган бўлиб, бу ишга 150 га яқин махсус техникалар жалб қилинган.

Шу каби ишлар билан бирга аҳолининг экологик маданиятини ошириш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташламаслик бўйича тушунтириш-профилактика ишлари олиб борилмоқда.

Бундай экологик тадбирларнинг мунтазам ташкил этилиши аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, ҳаво сифатини ошириш ва шаҳарлар бўйлаб яшил ҳудудларни асрашда муҳим аҳамият касб этади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер