Самарқандда “Grand Swiss 2025” халқаро шахмат турнири бўлиб ўтмоқда

Умумий мукофот жамғармаси 855 минг АҚШ доллари бўлган турнирда 39 та мамлакатдан 172 нафар иштирокчи жаҳон чемпионати йўлланмаси учун дона суради. Унда жаҳон шахмат рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келаётган кучли гроссмейстерлар, шунингдек, FIDE президенти тавсияси билан таклиф этилган шахматчилар ва халқаро мусобақалар ғолиблари қатнашмоқда.
Буюк ипак йўли халқаро туризм марказида ўтказилган турнирнинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, Халқаро шахмат федерацияси президенти (ФИДE) Аркадий Дворкович сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади. Шундан сўнг беллашувларга старт берилди.
Мусобақада “Grand Swiss 2025” турнирининг биринчи рақамли иштирокчиси Рамешбабу Праггнанандха, амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш, яқинда Ҳиндистонда ўтказилган нуфузли турнирда ғолибликка эришган германиялик Винсент Каймер, 2021 йилги “Grand Swiss” ғолиби Алириза Фирузжа ҳамда Аниш Гири, Видит Сантош Гужрати, Нодирбек Абдусатторов, Левон Аронян каби ўнлаб жаҳон рейтингида юқори натижалар қайд этаётган шахматчилар ғолиблик учун асосий даъвогар сифатида баҳс олиб бормоқда.
“Grand Swiss 2025” мусобақасида 14 нафар ўзбекистонлик шахматчи иштирок этяпти. Эркаклар мусобақасида Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ортиқ Ниғматов, Абдумалик Абдусалимов, аёллар гуруҳида Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулдона Каримова ва Мадинабону Халилова юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Халқаро шахмат турнири якуни бўйича дунё рейтингининг “ТОП-100” талигига кирган кучли шахматчилар орасидан тўрт нафари (2 эркак ва 2 аёл шахматчи) жаҳон шахмат тожи учун “Талабгорлар турнири”га саралаб олинади.
“Grand Swiss 2025” халқаро шахмат турнири 15 сентябрга қадар давом этади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг