Самарқандда ақлли шаҳарча бунёд этилмоқда

Фото: Абдулазиз Йўлдошев / «Халқ сўзи»
Самарқанд шаҳрининг Мирзо Бедил кўчасида ташландиқ ҳолатга келиб қолган собиқ 22-автобус саройи ҳудудида юқори қулайликдаги замонавий “Humo Smart City” ақлли шаҳарчаси бунёд этилмоқда.
Дастлаб “Humo Smart City – ақлли шаҳар ҳақида икки оғиз сўз. Унинг бундай номланишига сабаб энг сўнгги инновацион технологиялардан андоза олингани билан боғлиқ. Бунда барча компонентлар ўз ўрнида бир-бири билан узвий ва чамбарчас боғлиқ бўлиб, ҳудуд видеокузатув орқали тўлиқ қўриқланади ва ягона марказдан бошқарилади. Шаҳарчага киришда қўриқлаш хизмати фаолият кўрсатади ва доимий кузатув камералари ўрнатилади.
– 2019 йилнинг ноябрь ойида “Humo Smart City” – юқори қулайликдаги замонавий ақлли шаҳарча қурилишини бошладик, – дейди “Нурли келажак ишонч сервис” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Акбарали Қаюмов. – Унинг қурилиши уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич 2022 йил март ойида, иккинчи босқич 2022 йил сентябрь ойида ва учинчи босқич 2023 йилнинг учинчи чорагида ниҳоясига етказилади.
Айни вақтда мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи бўйича бунёдкорлик ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Бугунги кунгача 384 та хонадонни ўз ичига олган 8 та саккиз қаватли турар жой бинолари қурилиши якунланиш арафасида турибди.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида хусусий мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, юз ўринли аёллар маркази, 17 та кўп қаватли турар жой биноларини топшириш ҳамда учинчи босқичда 9 та кўп қаватли турар жой биноси, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, 70 та оила истиқомат қилишга мўлжалланган “таунхаус”лар ва қулай инфратузилмани яратиш кўзда тутилган.
10 мингдан ортиқ аҳолига мўлжалланган ақлли шаҳарнинг умумий майдони 12 гектар, лойиҳа қиймати эса 720 миллиард сўмни ташқил этади.
– Шаҳарчада аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган 25 та объект мавжуд, - дейди “Humo Smart City” шаҳарчаси ижрочи директори Карим Сафаров. – Яна бир афзаллиги шундаки, муҳандислик-коммуникация тармоқлари туннел орқали ўтказилади. Шаҳарча ҳудудида 1100 метр узунликдаги эни 2 метр 70 сантиметрни, баландлиги 2 метр 10 сантиметрни ташкил қилувчи туннел қурилади. Бу эса шаҳарчадаги кўча ва хиёбонларнинг ноўрин бузилишининг олдини олиб, коммуникация тармоқларидаги носозликларни қисқа фурсатда бартараф этишни таъминлайди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг