Самарқанд - Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси

Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Туризм соҳаси ҳам бундан мустасно эмас.
Самарқанд вилоятида ҳам туризмни янада ривожлантиришга, сайёҳлар учун барча қулайликларни яратишга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Натижада кўплаб янги-янги сайёҳлик йўналишлари, туризм манзиллари пайдо бўляпти.
Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятда 20 дан ортиқ янги туризм йўналишлари ташкил этилди. Самарқандда бугунга келиб зиёрат туризми объектлари сони 50 тадан ошди. Шунингдек, 40 дан зиёд гастрономик туризм нуқталари, 30 га яқин экотуризм масканлари, 20 ортиқ тиббий туризм муассасалари, қолаверса этнотуризм, агротуризм объектлари ташкил этилди.
Бундан ташқари 2022 йилда 148 та, хоналар сони 3 504 та, ўринлар сони 9 219 та бўлган янги меҳмонхона, хостел ва меҳмон уйлари иш бошлади. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 4 та (258 ўринли) меҳмонхона, 10 та (253 ўринли) хостел ва 11 та (110 ўринли) оилавий меҳмон уйлари фойдаланишга топширилди.

Маълумотларга кўра, соҳада амалга оширилаётган янги-янги лойиҳалар натижасида ўтган йили Самарқандга 152 давлатдан 1 миллион 204 минг хорижий ва 4 миллион 247 минг нафар маҳаллий туристлар келган. Уларга кўрсатилган туризм хизматлари экспорти 197,6 миллион долларни ташкил этган.
- Жорий йилнинг дастлабки уч ойида кўҳна кентга келган хорижлик сайёҳлар 269 минг нафарни, маҳаллий сайёҳлар эса 814 минг нафарни ташкил этди, - дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов. - Ҳозирда хорижий туристларнинг вилоятимизда қолиши ўртача қолиши 2,7 кунни, кунлик харажатлари эса 65-250 АҚШ долларини ташкил этаётган бўлса, бу йил сайёҳларнинг Самарқандда қолиш кунларини яна бир кунга узайтириш ва шу орқали туризм хизматлари экспорти 14 миллион долларга кўпайтириш кўзда тутилган. Умуман, йил давомида 2,1 миллион нафар хорижлик, 4,5 миллион нафар маҳаллий туристлар жалб этилиб, хизматлар экспорти 312 миллион АҚШ долларига етказилади.
2022 йилда вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги 103 маҳаллада туризм соҳаси асосий драйвер сифатида белгиланиб, 491 та хонадонда оилавий меҳмон уйлари ташкил этилган эди. Мазкур тармоқда 5800 нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди. Бу йил туризм соҳаси асосий драйвер сифатида танланган маҳаллалар сони 239 тага, хонадонлар эса 1144 тага етказилади. Натижада 104 та оилавий меҳмон уйи, 105 та умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этилиб, соҳадаги банд аҳоли сони 7189 нафарга етказилади.

Вилоятда жорий йилда 197 та қиймати 2,4 триллион сўмлик инвестицион лойиҳалар ишга туширилади.
- Тойлоқ туманидаги Ворсин ва Самарқанд туманидаги Янгиариқ маҳаллаларида умумий қиймати 127 миллиард сўмлик иккита туристик мажмуа лойиҳаси амалга оширилиб, меҳмонларни қабул қила бошлайди. Нуробод тумани Оқсой маҳалласида лойиҳа қиймати 120 миллиард сўм бўлган осма дор йўли фойдаланишга топширилади. Ургут, Оқдарё ва Каттақўрғон туманларида 4 та экотуризм дам олиш масканлари очилади, - дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов. - Самарқанд шаҳрида лойиҳа қиймати 4 триллион 542 миллиард сўм бўлган савдо ва кўнгилочар марказ фаолият бошлайди. Бундан ташқари, Каттақўрғон ва Оқдарё туманларида биттадан, Самарқанд туманида иккита соғломлаштириш маркази сайёҳларни қабул қилади. Жойлаштириш воситаларининг умумий сони 681 тага, ўринлар сони 18869 тага, туроператорлар сони 250 тага, туризм қишлоқлари 18 тага етказилиб, 16 мингга яқин янги иш ўринлари ташкил этилади. Вилоятда зиёрат, бизнес, классик эко, агро, гастрономик ва шоппинг туризм объектлари, шунингдек диққатга созовор жойлар, дам олиш масканлари туризм қишлоқлари ва кўчалари бўйлаб 5 кунлик сайёҳлик дастури ишлаб чиқилган.
Жорий 2023 йил давомида Самарқандда 25 дан ортиқ халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, Европа тараққиёт ва тикланиш банки бошқарувчилар Кенгашининг 32-йиллик йиғилиши, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)нинг 25-йиллик Бош ассамблеяси тадбирларида ҳам дунёнинг 100 мамлакатидан туризм вазирларининг ташрифи кутилмоқда. Мазкур тадбирлар “Silk Road Samarkand” Халқаро Туризм марказида ўтказилиши режалаштирилган.
Шу боис Самарқанд халқаро аэропорти имкониятларидан кенг фойдаганган ҳолда 2023 йилда ҳафталик авиақатновлар сонини 55 тадан 120 тага етказиш режалаштирилган.
Ҳозирда Москва, Истанбул, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Новосибирск, Казань Олмаота, Дубай, Баку йўналишлари бўйича авиақатновлар амалга оширилмоқда.
Душанбе, Қоҳира, Нарита, Деҳли, Ереван, Бангок каби янги авиа йўналишлар йўлга қўйилади.

“Qatar Airways” ва “Flynas” каби авиакомпаниялар Самарқанд орқали Марказий Осиёнинг шаҳарларини боғлаш мақсадида Самарқанд ҳалқаро аэропортида бешинчи ҳаво эркинлиги жорий этилиши орқали халқаро туристик хаб сифатида доимий фойдаланиш истагини билдирмоқда.
Ички йўналишлар бўйича Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларига қатновлар мавжуд, Тошкент – Самарқанд – Тошкент йўналиши бўйича парвозлар ҳафтасига 4 тадан 6 тагача оширилади.
Урганч ва Нукус шаҳарларидан вилоятга ташриф буюрувчилар сонини ошириш мақсадида ушбу шаҳарлардан авиақатновларни йўлга қўйиш эҳтиёж мавжуд.
Шаҳрисабз ва Сариосиё авиақатновларини тиклаш ҳамда Зомин аэропортига авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Тармоқни ривожлантириш мақсадида келгусидаги режалар кўлами бундан ҳам кенг. Мақсад бу қадим кентга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш, фақат баҳор ва куз ойларида эмас, балки йил давомида келишини таъминлаш ва уларнинг бу ерда қолиш муддатини оширишдан иборат.
Абдулазиз Йўлдошев
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг