Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ҳудуди 2,9 минг гектарга кенгаймоқда
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон ва Нуробод туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Ушбу масала аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш, бунинг учун муҳандислик-коммуникация тизимларини, шунингдек, ижтимоий соҳа (мактаб, боғча, касалхона) объектларини барпо этиш, янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, Каттақўрғон шаҳри Самарқанд вилоятининг географик нуқтаи назардан шимолий-ғарбида жойлашган бўлиб, бугунги кунда шаҳар аҳолиси сони қарийб 95 минг кишини, умумий ер майдони 4,4 минг гектарни ташкил этади.
Шаҳар аҳолисининг ўсиш суръати охирги 5 йилда ҳар йили ўртача 1,1 минг кишини ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳрида доимий рўйхатдан ўтмаган 4 мингга яқин аҳоли ва талабалар истиқомат қилмоқда.
Аҳоли зичлиги 1 квадрат километр майдонга 9,5 кишига тўғри келиб, Самарқанд вилояти бўйича аҳолиси энг зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади.
Шу боис Сенат қарори лойиҳасида қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.
Жумладан, Каттақўрғон шаҳар ҳудудини кенгайтириш мақсадида унга чегарадош бўлган Каттақўрғон туманидан 1,9 минг гектар ва Нуробод туманидан 971 гектар, жами 2,9 минг гектар ер майдонини шаҳар таркибига ўтказиш, шунингдек, Нуробод туманининг Каттақўрғон тумани билан чегарадош бўлган ҳудудларидан 600 гектар ер майдонини Каттақўрғон туманига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Чегара ҳудудининг кенгайиши ҳисобига Каттақўрғон шаҳар аҳолиси сони 2030 йилга бориб 150 минг кишидан ошиши мумкин.
Шаҳар ҳудудининг кенгайиши натижасида Каттақўрғон ўрта шаҳарлар тоифасидан катта шаҳарлар тоифасига ўтказилиб, шаҳар аҳолиси учун кулай шароитлар яратиш, хусусан, янги инфратузилма объектлари ҳамда кўп қаватли турар-жой комплекслари барпо этиш, урбанизация жараёнларини тезлаштириш имкони яратилади.
Янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилади.
Хусусан, 50 гектар майдонда «Ургут» эркин иқтисодий саноат зонаси филиали, шунингдек, 30 гектарда 3 та кичик саноат зонаси ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Муҳокама сўнггида мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Саида Мирзиёева Брюсселда Европа Иттифоқи комиссари билан учрашди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг