Самарқанд вилоятида каналларни бетонлаш ишлари назоратга олинди

11:05 04 Март 2026 Жамият
225 0

Мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 октябрдаги 660-сонли қарорига мувофиқ, 2025–2026 йилларда Самарқанд вилоятида 5 та объектда канал ва суғориш тармоқларини бетонлаш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур қарорга асосан, Булунғур туманида 23,5 километр канални бетонлаш, 11,3 километр қувур ётқизиш ва 2,5 километр лоток ўрнатиш режалаштирилган. Ушбу ишлар 2,2 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг сув таъминотини яхшилашга хизмат қилади. Айни пайтда «Оқтепа» каналида бетонлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Объектда бажарилаётган ишлар сифати Самарқанд вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан доимий назоратга олинган. Туман прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги мониторинг давомида бир қатор камчиликлар аниқланди.

Жумладан, каналнинг ПК0+00 дан ПК91+00 қисмигача бўлган ҳудудида 220 квадрат метр майдонда бетон ишлари сифат талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди. Ушбу қисм жойида буздирилиб, қайтадан талаб даражасида бажариш бўйича масъулларга кўрсатма берилди.

Шунингдек, текширув жараёнида ижро ҳужжатлари тўлиқ юритилмагани, ишчиларнинг махсус иш кийимлари билан таъминланмагани ҳам аниқланди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Назорат тадбирлари изчил равишда давом эттирилмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?