Самарқанд вилоятида 23 мингдан зиёд бола ёзги оромгоҳларда соғломлаштирилади
Фото: "Халқ сўзи"
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 82 та ёзги оромгоҳ мавсумга шай. Бу йил уларда 23 минг 395 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган. Жумладан, 16 та доимий оромгоҳда 9415 нафар, 66 та кундузги оромгоҳда 13 минг 980 нафар бола дам олади. 10 июндан бошлаб вилоятдаги оромгоҳлар болажонларни босқичма-босқич қабул қила бошлайди.
— Жорий йилда оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш, болаларнинг сифатли соғломлаштирилиши ва дам олиши учун шароит яратиш учун 11 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди, — дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличева. — Мавсум давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида касаба уюшмалари вилоят кенгашида штаб ташкил этилди. Шунингдек, оромгоҳларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича аутсорсинг комиссияси таркиби тасдиқланиб, ҳар бир оромгоҳ раҳбари белгиланган аутсорсинг гуруҳи билан сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини таъминлаш бўйича шартномалар имзолаб, иш олиб бормоқда.
Ургут туманининг тоғ ён бағрида жойлашган “Чор чинор” болалар оромгоҳи 1973-йилда қурилган. У 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, атрофи манзарали ва мевали дарахтлар билан ўралган. Эътиборли томони, оромгоҳнинг қарийб 10 гектарга тенг ҳудудида бир қарич ҳам бекор ётган жой йўқ. Саккизта ётоқхона, тиббиёт бўлими, спорт майдончаси, кутубхона, компьютер хонаси, тўгараклар, бассейн ва концерт учун саҳна дейсизми, барчаси болалар ихтиёрида.
— Бу йилги мавсумга алоҳида ҳозирлик кўрдик, — дейди “Чор чинор” болалар оромгоҳи директори Анвар Фазлиев. — Ётоқхоналардаги матрас, чойшаб, хоналардаги эскирган жиҳозлар, ошхонадаги идиш-товоқларнинг барчаси янгиланди. Болаларни соғломлаштириш, дам олишларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 50 нафардан зиёд тарбиячи-мураббий жалб этилди.
Тойлоқ тумани Адас маҳалласидаги “Адас” болалар оромгоҳида бу йилги мавсумда тўрт навбатда 400 нафар бола қабул қилинади. Оромгоҳда таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлиб, тажрибали педагог, тарбиячи ва тренерлар жалб қилинган. Ётоқхона, спорт майдончаси, ошхона, маънавият зали ҳамда тўгараклар болалар ихтиёрида бўлади.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг