Самарқанд вилоятида 2025 йилда 132 та янги мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди

18:23 30 Декабрь 2025 Жамият
259 0

Янги йил байрами Булунғур туманидаги Килдон маҳалласида яшовчи болажонлар учун қувончли янгилик билан бошланди. Бу ерда замонавий “Меҳробжон” мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Лойиҳа қиймати 2,5 миллиард сўм бўлган мазкур объект 75 ўринли бўлиб, 14 та нафар ходимни иш билан таъминлаши кўзда тутилган. Янги мактабгача таълим ташкилотида болажонларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Соҳа ривожига берилаётган эътибор натижасида вилоятда 2025 йилда 132 та янги мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди. Булар — 11 та давлат, 8 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 113 та оилавий нодавлат асосидаги мактабгача таълим ташкилотларидир. Натижада қўшимча 11 минг 761 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинди

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан уюштирилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини кенгайтириш мақсадида қамров даражаси паст бўлган олис ҳудудларда, жумладан, Булунғур туманидаги 51-умумий ўрта таълим мактабида 2 та, 70-умумий ўрта таълим мактабида 2 та ҳамда Каттақўрғон туманидаги 104-умумий ўрта таълим мактабида 3 та, 67-умумий ўрта таълим мактабида 3 та, жами 10 та гуруҳ “Ақлвой” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Шунингдек, замонавий талабларга жавоб берадиган ва қайта жиҳозланган 2 та “ISUZU” автобуси негизида 174 нафар боғча ёшидаги болаларга таълим-тарбия бериш йўлга қўйилди.

Бундан ташқари Тойлоқ илк ривожланиш маркази тажрибаси асосида Иштихон, Оқдарё, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида илк ривожланиш марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, қўшимча 1500 ўрин яратилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?