Самарқанд ва Жиззахда кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди

16:50 21 Май 2024 Жамият
187 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланганини маълум қилди

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пахтачи туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. 

Унда «A.E.» хусусий корхонаси раҳбари «Э.А.» пишиқ ғишт ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш учун ажратилган 2,2 млрд сўм имтиёзли кредит эвазига харид қилинган ускуналарни сотиб юбориб кредит маблағларини талон-торож қилгани, шунингдек, ҳудудий тижорат банки филиали масъул шахслари «A.E.» корхонаси томонидан ишлар тўлиқ бажарилмаган бўлса-да, ускуналарни гаров таъминоти сифатида олиб қўймагани маълум бўлган.

Шу каби, Департаментнинг Пахтакор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «O.S.» ва «П.О.» МЧЖ масъул шахслари «П.О.» МЧЖга ёмғирлатиб суғориш технологиясини сотиб олиш учун тижорат банки филиалидан ажратилган кредит эвазига 849,9 млн сўмлик ишларни бажариб, 1,9 млрд сўм кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Департаментнинг Қўнғирот туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Sh-Sh.» корхонаси масъул шахслари ва бошқалар автомобилларга хизмат кўрсатиш ускуналари олиш учун ажратилган 1,4 млрд сўм кредит маблағини «M.T.» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилиб талон-тарож қилганликлари, шунингдек, банк филиали масъул шахслари ажратилган кредит маблағининг мақсадли сарфланишини ва гаровга қўйилган мулкнинг сақланишини ўрганмаганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддалари (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?