Самарқанд ва Франция ҳамкорлиги янада ривожланади

11:01 05 Апрель 2023 Иқтисодиёт
704 0

Самарқандда Франция Президентининг маслаҳатчиси Изабел Дюмон бошчилигидаги Франция делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон-Франция муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов таъкидлаганидек, Франция Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ташқи сиёсий ва иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Ўзбекистон-Франция муносабатлари юқори даражадаги сиёсий-дипломатик ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар учун салмоқли салоҳият мавжудлиги билан ажралиб туради.
Мартабали меҳмоннинг ушбу ташрифи икки давлат Президентлари ҳамкорлиги туфайли янада мустаҳкамланган маданий алоқаларнинг давоми ҳисобланади. Францияда иккита йирик кўргазма очилди: Бу Луврда – “Ўзбекистон воҳаларининг улуғворлиги. Карвон йўллари чорраҳасида”, Араб дунёси институтида эса “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари”дир. 

Томонлар таъкидлаганидек, маданий-иқтисодий соҳаларда лойиҳаларни амалга ошириш анчадан бери бошланган ва бу борадаги ишлар тизимли равишда олиб борилади. Делегация аъзолари таълим муассасаларида француз тилини ўрганишга қаратилаётган эътибор учун вилоят раҳбарига миннатдорлик билдиришди.

- Ўтган йил ноябр ойи охирида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Парижга қилган ташрифи давомида Президентимиз Эммануел Макрон билан ажойиб учрашув ўтказди, унда барча мавзулар муҳокама қилинди. Франция Президентининг вакили сифатида Ўзбекистонга ташрифим муносабатларни ҳар томонлама янада мустаҳкамлашга қаратилган, - дейди Франция Президентининг маслаҳатчиси Изабел Дюмон. - Мен цивилизация ва маданиятнинг муҳим тарихий шаҳри Самарқандда бўлиб турганимдан мамнунман. Шунингдек, бу Франция ва Ўзбекистон, Франция ва Самарқанд ўртасидаги маданий ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдириш имконияти ҳамдир. Ўзбекистон бўйлаб, хусусан, Самарқандда маданият ва тил соҳасида қўшма лойиҳаларимиз бор. Биз яқин алоқада бўлган 43 мактабга, шуниндек  Самарқанд давлат университети ҳамда Самарқанд давлат Чет тиллар институтига ташриф буюрамиз. Иқтисодий соҳада, шунингдек, Франция ва Ўзбекистон ўртасида режалаштирилган жорий ва кейинги ташрифларим доирасида кўзда тутилган ҳар икки томонни ҳам қизиқтирган муҳим энергетика лойиҳалари мавжуд. Биз уларни ривожлантириш ниятидамиз. Ўзбекистон, ўзбек халқи мени ўзгача меҳмондўстлик билан қабул қилишганини алоҳида таъкидламоқчиман. Мен жуда хурсандман, бу муносабатларни мустаҳкамлаш учун яхши ният белгисидир.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Парижда икки давлат раҳбарлари “ALLIANCE FRANCISES” ассоциациясининг Самарқандда ваколатхонасини ташкил этиш масаласини муҳокама қилишган эди. Ташкилотнинг вазифаси француз тили ва маданиятини бутун дунёга ёйиш, маданиятлар мулоқотини рағбатлантиришдан иборат. Энди фақат ушбу лойиҳани амалга ошириш керак, - деди Франция президенти маслаҳатчиси Изабел Дюмон бошчлигидаги делегация азолари.
Учрашувда фаол сиёсий мулоқотларни давом эттириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Франциянинг етакчи компания ва банклари билан “яшил” энергетика, қазиб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, сув таъминоти тизими, транспорт ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш каби йўналишларда биргаликдаги йирик лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Абдулазиз Йўлдошев
“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?