Самарқанд шаҳрида “Ice Arena” янги муз саройи очилмоқда

10:09 21 Март 2021 Спорт
1848 0

Самарқандда мамлакатимиз миқёсида сиғими бўйича Тошкентдаги “Humo Arena"дан кейин иккинчи ўринда турувчи “Ice Arena” муз саройининг очилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда федерация маълумотига таяниб «Дунё» АА хабар берди.

Кўпфункционал муз саройи Ўзбекистон хоккей федерацияси кўмагида «Family Park» тематик кўнгилочар маркази доирасида очилади. Бу Самарқандда қурилган, турли хил спорт тадбирлари, шу жумладан, хоккей учрашувлари, концертлар, бошқа кўнгилочар ва ижтимоий лойиҳаларни ўтказиш учун мўлжалланган, халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган биринчи муз саройидир.

Мамлакатимиз Президентининг миллатни жисмоний соғломлаштириш, спорт ва жисмоний тарбия соҳасини ривожлантириш бўйича глобал ташаббусини амалга ошириш сўнгги 5 йилда республика доирасида спортга, спортнинг қишки турларига давлат ва хусусий бизнес эътиборининг мислсиз даражада ошишига олиб келди. Бунинг натижасида ушбу спорт турлари аҳоли орасида оммалашиб бормоқда. Бу даврда пойтахтдаги “Humo Arena” ва пойтахт вилоятидаги «Амирсой» тоғ-чанғи мажмуаси каби қишки спорт турларининг йирик масканлари пайдо бўлди, Тошкентдаги «Юбилей» муз саройида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мамлакатда хоккейни оммалаштириш – Ўзбекистон хоккей федерациясининг асосий вазифаларидан бири. Янги муз аренаси Федерация томонидан 2018 йилда мамлакатнинг барча йирик вилоят марказларида муз майдонларини яратиш бўйича режасининг бир қисмига айланади. Савдо марказларида жойлашган аксарият муз майдонларидан фарқли ўлароқ, Самарқандда лойиҳа 2 минггача томошабинни сиғдира оладиган, барча зарур инфратузилма билан жиҳозланган, нафақат машғулотлар жараёнини, балки профессионал хоккей жамоаларининг энг юқори даражадаги мусобақаларини ўтказишга имкон берадиган тўлиқ муз майдони сифатида барпо этилди.

Муз саройи халқаро хоккей ареналари талабларига жавоб берадиган ВИП-ўринлар, фитнес зали, хореография зали, кириш ҳудуди ва ёрдамчи иншоотларни ўз ичига олган. Трибуна сиғими 1 минг 900 кишига мўлжалланган. Яқин келажакда ушбу аренада ЎХФ ҳомийлигида болалар хоккей мактаби очилиши мўлжалланганини айтиб ўтишимиз жоиз.

«Биз ўз ишимизни Самарқандда болалар хоккей мактабини яратиш билан бошлаймиз, чунки болалар хоккейини ривожлантириш Федерация учун стратегик устувор вазифадир. Иложи борича, кўпроқ болаларни жалб қилиш, миллий хоккейчиларимизнинг биринчи авлодини тарбиялаш орқали ўзбек хоккейининг келажагига пойдевор қўйиш – бу 12–15 йил ичида ҳақиқатга айланиши керак бўлган режалардир, – деди Ўзбекистон хоккей федерацияси биринчи вице-президенти Баҳодир Ғофуров. – Биз хоккей Самарқандга узоқ вақтга келди ва бу гўзал қадимий шаҳар аҳолиси қалбидан жой олади, деб умид қиламиз».

Самарқанд шаҳридаги муз саройининг тантанали очилиш дастури икки кунга мўлжалланган бўлиб, унга Тошкентдаги болалар хоккей клублари хоккейчиларининг чиқишлари, таниқли олимпиада совриндорлари Повилас Ванагас ва Маргарита Дробязконинг муз устидаги шоуси, ўзбек эстрада юлдузлари иштироки, шунингдек махсус таклиф этилган санъаткорлар – Jony, Elman ва Androнинг концерт дастури киритилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер