Самарқанд давлат университетида янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди

20:42 26 Август 2025 Жамият
207 0

Самарқанд давлат университети Интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

Университетнинг марказий студияси орқали мамлакатимиздаги 20 га яқин олий таълим муассасасида қуриб битказилган янги ўқув бинолари ва талабалар турар жойлари очилиш маросимига Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов старт берди.

— Бугун сизлар билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида талабаларимиз учун муносиб туҳфа тайёрланганини катта мамнуният билан эълон қилмоқчиман, — деди Қўнғиротбой Шарипов. — Республика бўйича 18 та олий таълим муассасасида 9 минг 980 ўринли янги талабалар турар жойлари ҳамда 1000 ўринли ўқув бинолари қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.

— Интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультети учун барпо этилган 1000 ўринли янги ўқув биноси фарзандларимизнинг орзулари, бахти ва келажаги тимсолидир, — деди Рустам Холмуродов. — Мен хизмат юзасидан кўплаб мамлакатлардаги университет ва институтларда бўлганман. Бугун очилган бу бино уларнинг ҳеч биридан қолишмайди.

Маросимдан сўнг Интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетининг янги биноси кўздан кечирилди. Замонавий шароитларга эга мажмуа тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?