Рус армиясида ўзгариш, Нетаняҳунинг душманлари ва Конгрессдаги нутқи (+видео)

19:19 25 Июль 2024 Дунё
208 0

Байден сайлов пойгасидан чиққанидан сўнг биринчи марта нутқ сўзлади

Жо Байден президентлик пойгасидан чиққанидан буён биринчи марта нутқ сўзлади. У ўзи эришган ютуқлар, камтарлиги ҳақида гапирган.

«Президент сифатида эришган ютуқларим, дунёдаги етакчилигим, Америка келажаги ҳақидаги қарашларим иккинчи муддатга лойиқ деб ҳисоблайман. Аммо демократиямизни сақлаб қолиш йўлида ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. Бу шахсий амбицияларга ҳам тегишли» деди Қўшма Штатлар етакчиси.

Шунингдек, у ваколат муддати тугагунга қадар қиладиган ишлари ҳақида ҳам айтиб ўтган.

«Президентлик муддатимнинг қолган олти ойи давомида мамлакат иқтисодиёти муаммолари ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаман. Украинани қўллаб-қувватлашда ва НАТОни мустаҳкамлашда давом этаман», деди Байден.

«Сўнгги ҳафталарда мен ўз партиямни бирлаштиришим кераклиги аён бўлди. Машъалани янги авлодга топшириш вақти келди» дея қўшимча қилган президент.

Нутқининг охирида президент ўзининг номзоди ҳақида гапирар экан, Ҳаррисни тажрибали, қаттиққўл, қобилиятли ва мамлакат учун керакли етакчи эканлигини қўшимча қилган.

Нетаняҳу АҚШ Конгрессида нутқ сўзлади

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ Конгрессида «Бизнинг душманларимиз сизнинг душманларингиз» дея нутқ сўзлади.

«Биз Эрон билан курашганимизда, Америка Қўшма Штатларининг энг радикал ва қотил душмани билан курашамиз. Бизнинг курашимиз сизнинг курашингиз, бизнинг ғалабамиз эса сизнинг ғалабангиз бўлади» деб қўшимча қилган Нетаняҳу.

Исроил Бош вазирининг айтишича, Эрон Америкага қарши чиқиш учун аввало Яқин Шарқни забт этиши керак. Аммо Яқин Шарқнинг қоқ марказида Эрон йўлида тўсиқ бўлиб турган бир ғурурли америкапараст демократия бор. Бу Исроилдир.

Нетаняҳу Ғазо келажаги ҳақида гапирар экан, Исроил тарафдорларидан иборат фаластинликлар томонидан бошқариладиган фуқаролик бошқаруви бўлиши, Исроил ҳарбийлари назорати остида демилитаризацияланган ҳамда дерадикализацияланган анклав бўлишини айтган.

Россия «ҳавоси»да ўзгариш

Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг янги қўмондони этиб аввалроқ Россия узоқ масофали авиациясига қўмондонлик қилган генерал-лейтенант Сергей Кобилаш тайинланди.

Кобилаш 1965 йилда Одессада туғилган. Ейск олий ҳарбий авиация учувчилар мактабини, Гагарин номидаги Ҳарбий-ҳаво кучлари академиясини ва Россия Қуролли кучлари Бош штабининг Ҳарбий академиясини тамомлаган. Ўтган йили Украина Хавфсизлик хизмати уни Украинадаги тинч аҳоли нишонларини ўққа тутганликда гумон қилинаётганини эълон қилиб, тегишли далиллар тўплаганини маълум қилган эди.

Сурия президенти Башар Асаднинг Москвада нима иши бор?

Россия телевидениеси Сурия президенти Башар Асад Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашганини маълум қилди. Суриялик сиёсатчининг Кремлдаги аниқ миссияси ҳақида деярли маълумотлар мавжуд эмас, аммо бу учрашув икки давлат ўртасидаги иттифоқчиликни кўрсатиб бериши мумкин.

Қайд этилишича, учрашувда Асад Яқин Шарқ бўйлаб можаролар кучайиб бораётганидан хавотир билдирган. Россия президенти Владимир Путин бу кескинлашувни алоҳида таъкидлаб, бундай ҳолатларнинг Сурияга бевосита таъсирини қайд этган. Башар Асад ҳам бугунги кундаги глобал ва минтақавий воқеаларни инобатга олган ҳолда ушбу учрашувни «жуда аҳамиятли» деб атади.

Кремлга кўра, учрашув чоршанба куни бўлиб ўтган, аммо муҳокамалар тор доирада бўлганлиги учун кўпроқ маълумот берилмаган. «Мумкин бўлган мавзулардан бири Сурия ва Туркия ўртасидаги дипломатик алоқаларни тиклаш», деб ёзган нашрлар.

Асад ҳам, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам 2011 йилда узилган муносабатларни тиклашдан манфаатдорлик сезаётгани ҳақида кўплаб халқаро экспертлар ҳамфикрдир.

Путин ва Асад Суриядаги 12 йиллик фуқаролик уруши давомида мустаҳкам иттифоқчиликни сақлаб келган. Россиянинг ҳарбий ёрдами Асад кучларига мамлакатнинг катта ҳудудларида назоратни тиклашда муҳим аҳамиятга эга эди. Сўнгги учрашув деярли бир ярим йил аввал юз берган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?