Рўзғорнинг баракаси ҳам, бозорнинг тўкислиги ҳам томорқадан

12:46 13 Апрель 2023 Жамият
492 0

Фото: Халқ сўзи

Статистик маълумотларга кўра, ўтган 2022 йилда қашқадарёлик деҳқонлар томонидан 181,8 минг тонна картошка, 505 минг тонна сабзавот, 177,1 минг тонна полиз, 172,3 минг тонна мева ҳамда 100,6 минг тонна узум етиштирилган.

Эътиборли жиҳати, ушбу маҳсулотларнинг асосий қисми, масалан, картошканинг 80,4, сабзавотларнинг 73,7, полизнинг 51,6, меваларнинг 43,4 ҳамда узумнинг 56 фоизи шахсий ёрдамчи хўжаликлар, яъни аҳоли томорқаларидан йиғиб олинган. 

Бу албатта, аҳолининг томорқа маданияти ошиб бораётгани, томорқа ерларидан унумли фойдаланилаётгани самарасидир.

Шаҳрисабз туманининг Оқдарё маҳалласида истиқомат қилаётган 76 ёшли онахон - Малоҳат Абдуллаева ҳам томорқасини оиланинг асосий даромад манбаига айлантирган инсонлардан.

Малоҳат ая Абдуллаева ўзининг бир парча томорқасида деҳқончилик қилиб 9 фарзандни вояга етказган. Уларни уйли-жойли қилган. 

У бизга шу ҳақда гапириб берар экан, ҳалол меҳнатдан қочмаган, ер билан тиллашиб, диллашиб меҳнат қилган киши учун бир парча ер ҳам катта даромад манбаи эканини таъкидлайди.

-  Ҳозир фарзандларимнинг барчаси уйли-жойли бўлиб, ҳаётда ўз йўлларини топиб кетишган, - дейди онахон. – Кичик ўғлим ўзим билан бирга. Олти сотих томорқамизни тўлиқ иссиқхонага айлантирганмиз. Ҳозир бу ерда ўғлим, келиним, невараларим ишлашади. Мен эса уларга йўл-йўриқ кўрсатиб тураман-да. 
Онахоннинг айтишича, иссиқхонада иситиш тизими йўқ, лекин уларга шуниси қулай. Қишнинг қаттиқ совуғи ортда қолгач, яъни февралнинг иккинчи ярмидан иссиқхонага помидор, бодринг ва булғор қалампири кўчатлари ўтқазилади. Бу пайтда кўчатнинг ривожланиши учун ичкаридаги ҳароратнинг ўзи етарли. Апрелнинг иккинчи ярми ҳамда май ойининг бошларидан эса маҳсулот бозорга чиқарилади. Кейин иккинчи маротаба август-сентябрь ойларида кўчат экилиб, ноябрь ҳамда декабрь ойлари давомида ҳосил пешма-пеш ички бозорга етказиб берилади.

Ушбу хонадон вакиллари кўчатчиликда ҳам донг таратган. Ҳар йили ҳовли ташқарисидаги кичик иссиқхонада қирқ-эллик мингтагача помидор, бодринг, қалампир, булғор қалампири ҳамда бақлажон кўчатларини етиштиради. Нафақат туман, балки қўшни туманлардан ҳам кўчат излаб келадиганлар кўп.

-  Фарзандларимнинг ҳам суяга меҳнатда қотган-да, ишдан қочишмайди, - дейди Малоҳат ая суҳбатни давом эттириб. - Кичик ўғлим иссиқхонадан ташқари ҳар йили ёзда ғаладан бўшаган икки-уч гектар майдонни фермерлардан ижарага олиб, сабзи экади. Қиш бўйи сабзи сотамиз. Янги уй қилдик, машина олдик, тўйлар қилаяпмиз, буларнинг барчаси томорқанинг, меҳнатларимизнинг ортидан-да.

 Ҳа, меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, дейдилар. Бунга ер билан тиллашиб, ҳалол меҳнат ортидан ризқ ундираётган Малоҳат ая ва унинг фарзандлари ҳаёти мисол.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ,
“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?