Россия ва АҚШ уч йил деганда биринчи марта Украина масаласида бир даврага жам бўлди. Натижа қандай?

Фото: Reuters
Шу йилнинг 18 февраль куни Россия ва АҚШ делегациялари сўнгги уч йил ичида биринчи марта Украинадаги можаро бўйича тўлақонли музокаралар ўтказди. Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда бўлиб ўтган тўрт ярим соатлик учрашувда томонлар икки томонлама муносабатларни нормаллаштириш, президентлар Владимир Путин ва Дональд Трамп ўртасидаги музокараларга тайёргарлик кўришни муҳокама қилди ва келажакда халқаро майдонда бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олишга келишиб олди. Россия ва АҚШ делегациялари ўртасидаги учрашув қандай ўтди? Якунда томонлар нималар бўйича келишиб олди? Қуйида шу хусусда.
Учрашув қандай ўтди?
Музокараларда Россия томонидан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва президентнинг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков, АҚШ томонидан давлат котиби Марко Рубио, Дональд Трамнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Вальс ва Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Виткофф иштирок этди. Учрашувда Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев ҳам қатнашди. Саудия Арабистони вакиллари воситачи сифатида мулоқотда ҳозир бўлди.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушконинг аниқлик киритишича, учрашув фақат Россия ва АҚШ ўртасида бўлиб ўтган ва унда Европа Иттифоқи мамлакатлари иштирок этмаган.
«Европа сиёсатининг бутун мақсади можаронинг дипломатик йўл билан тугашига йўл қўймаслик, балки уни Россия устидан тўлиқ ғалабага қадар давом эттириш эди. Бу Европа Иттифоқи ва Европа давлатларининг музокаралардаги ҳар қандай ролини истисно қилади» — дейди Александр Грушко.
Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, музокаралар тахминан 4,5 соат давом этган ва эрталаб ва тушдан кейин бўлган сессиялардан иборат бўлган. Шунингдек, улар ўртасида 15 дақиқалик танаффус бўлгани, бу вақтда томонлар ишчи тушлик қилган. «The New York Times» газетасининг ёзишича, қисқа танаффус саудиялик воситачилар ўқиши керак бўлган пешин намози билан боғлиқ.
Россия томони музокараларни қандай баҳолади?
Музокаралар Россия томонидан юқори баҳоланди. Хусусан, Юрий Ушаков мулоқот яхши ўтганини таъкидлади.
«Биз бир-биримизнинг манфаатларимизни инобатга олишга келишиб олдик, лекин айни пайтда икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга ёрдам берамиз», — дейди Юрий Ушаков.
У, шунингдек, делегациялар икки томонлама кун тартибидаги барча масалаларни жуда жиддий муҳокама қилганини таъкидлади. Шу билан бирга, президент ёрдамчисининг қўшимча қилишича, икки давлат бир-бирига яқинлаша бошлаган бўлса-да, улар ўртасида ягона позиция ҳақида гапиришга ҳали эрта.
Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси раҳбари Дмитриев ҳам вазиятни худди шундай баҳолади. Унинг сўзларига кўра, учрашув ижобий ўтди ва томонлар буюк давлатлар сифатида ўзаро келишувга келганини кўрсатди. Унинг қўшимча қилишича, жаҳон тартибини шакллантиришнинг барча асосий масалалари бўйича мулоқот қилиш зарурати бўйича консенсусга эришилган.
«Албатта, жуда конструктив мулоқот. Олдинда бизни жуда, жуда узоқ, жиддий йўл кутиб турибди, лекин бу конструктив муҳокамалар учун жуда ижобий бошланиш: кўплаб алоқа нуқталари, бизни боғлай оладиган ижобий иқтисодий лойиҳалар мавжудлигини тушуниш. Ҳаммаси жуда ижобий», — дейди Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди раҳбари Кирилл Дмитриев.
Томонлар Украинадаги можарога барҳам бериш борасида нимага келишиб олдилар?
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Темми Брюснинг «Reuters» агентлигига маълум қилишича, Сергей Лавров ва Марко Рубио Украинадаги можарога барҳам бериш бўйича музокараларни бошлаш учун ишчи гуруҳлар тузишга келишиб олган. Уларнинг айтишича, тинчлик «мустаҳкам, барқарор ва барча томонлар учун мақбул» бўлиши керак.
«Рубио ва Лавров Украина можаросини имкон қадар тезроқ тугатиш бўйича ишларни бошлаш учун юқори даражадаги гуруҳ музокараларини ўтказишга келишиб олдилар», дейди Темми Брюс.
Шу билан бирга, Марко Рубио томонлар ўртасида Украина йўналишида кўплаб тўсиқлар борлигини ва ҳар икки томон муросага келишига тўғри келишини таъкидлади.
«Украинадаги можарога барҳам бериш мураккаб ва шиддатли дипломатияни талаб қилади», — дейди Марко Рубио.
«Fox News» хабарига кўра, Россия ва АҚШ ҳам можароларни ҳал қилишнинг уч босқичини ўз ичига олган тинчлик режасини таклиф қилмоқчи. Булар: ўт очишни тўхтатиш, Украинада сайловлар ўтказиш ва якуний келишув имзоланиши. Тахминларга кўра, келишувнинг тузилиши, албатта, Украинанинг янги президенти сайланиши ортидан бўлиши керак.
«Саудия Арабистонидаги музокараларга яқин бўлган кўплаб хорижий дипломатик манбаларга кўра, АҚШ ва Россия Украинадаги вазиятни тартибга солишнинг уч босқичли режасини таклиф қилмоқда. Унда ўт очишни тўхтатиш, Украинада сайловлар ўтказиш, сўнгра якуний тинчлик битимини имзолаш киради», дейилади «Fox News» телеканали хабарида.
Айни пайтда бу маълумот томонлар томонидан тасдиқланмаган. Аммо оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, АҚШ буни тез орада эълон қилади.
Шунга ўхшаш лойиҳа Германиядаги ҳукмрон партия – «90-Альянс»/«Яшиллар» партиясидан Европарламент аъзоси Сергей Лагодинский томонидан музокаралар чоғида эълон қилинди. Унинг сўзларига кўра, Дональд Трампнинг можарони ҳал қилиш режасига сайловлар ўтказиш ва янги президент билан тинчлик битимини имзолаш киради.
«Манбаларимга кўра, Трампнинг Украина бўйича режаси 3 босқичдан иборат: ўт очишни тўхтатиш, Украинада сайловлар ўтказиш ва якуний тинчлик битимини имзолаш. Айниқса, сайловлар ҳақидаги фикр Трампнинг Путинга совғаси», дейди Сергей Лагодинский.
Бироқ, кейинроқ Сергей Лавров ва АҚШ делегацияси вакилларининг сўзларига кўра, Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича гўёки уч босқичли режа ҳақидаги барча хабарлар сохта эканлигини айтди.
Владимир Путин ва Дональд Трамп қачон учрашади?
Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, томонлар яқин вақт ичида президентлар ўртасида учрашув ўтказиш учун шароит яратиш бўйича иш бошлайди. Бироқ, «Bloomberg» аввалроқ хабар қилганидек, музокаралар келаси ҳафта бўлиб ўтиши даргумон. Учрашувнинг аниқ саналари бевосита давлат раҳбарлари томонидан белгиланади.
«Путин ва Трамп учрашувининг аниқ санасини айтиш қийин», дейди Юрий Ушаков.
Яна нималар муҳокама қилинди?
АҚШ Давлат департаменти хабарига кўра, Марк Рубио ва Сергей Лавров Россия ва АҚШнинг умумий геосиёсий манфаатларига оид масалаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олган.
Худди шу нуқтаи назардан улар дипломатик ваколатхоналари фаолиятини нормаллаштириш учун ўзаро чоралар кўришга ваъда беришди. Хусусан, бу Москва ва Вашингтондаги элчихоналарда аввалги ходимлар сонини тиклашни ҳам ўз ичига олади.
Томонлар муносабатлардаги «гиж-гижлаш хусусияти берувчиларни» бартараф этиш учун қандайдир маслаҳат механизмини яратишга ҳам келишиб олдилар.
Бундан ташқари, «Reuters» агентлигининг хабар беришича, делегациялар Украинадаги можаро бартараф этилгандан сўнг дарҳол иқтисодий ва сармоявий соҳада, жумладан, энергия нархлари муаммоси бўйича ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидлаган.
«Муроса ҳақида гапиришга ҳали эрта, лекин томонлар бир-бирини тинглашни бошлади», дейди Кирилл Дмитриев.
Европа ва Украина учрашувга қандай муносабатда бўлди?
Музокаралар бошланишидан олдин ҳам Украина президенти Владимир Зеленский Россия — АҚШ учрашуви натижаларини, ҳатто ундан «сўралса ҳам» тан олмаслигини айтди. Шу билан бирга, музокаралар давомида сиёсатчи расмий ташриф билан Ар-Риёдда ҳам бўлган.
«Менинг ташрифимни бу музокараларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ваҳоланки, Саудия Арабистонига келганимда Жаноби Олийларидан музокаралар мавзулари ҳақида нима билишини сўрайман», — деди у ташриф арафасида. Музокаралар якунида Владимир Зеленский яна бир бор Россия ва АҚШ Украина иштирокисиз Украина бўйича келишув туза олмаслигини айтди.
Европа Иттифоқи вакиллари ҳозирча Россия ва Америка делегациялари ўртасидаги музокараларга муносабат билдирмаган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг