Россия кучлари Покровскка кириб бормоқда

15:43 12 Декабрь 2024 Дунё
225 0

Украинанинг «DeepState» хариталаш хизмати маълумотларига кўра, Россия кучлари чоршанба куни олдинга силжиб, Украина шарқидаги муҳим шаҳар Покровск чеккасидан атиги уч километр узоқда турганини кўрсатган. Украина армияси матбуот котибига кўра, рус кучлари шаҳар яқинидаги Украина позицияларини йўқ қилган ёки эгаллаб олган.

Киевнинг айтишича, Украина шарқий фронтидаги Харьков вилоятидаги Шевченкове қишлоғи чеккасида жанглар давом этмоқда. Украиналик ҳарбий блогерлар қишлоқ руслар қўлига ўтгани ҳақида хабар беришди, бироқ бу иддао Украина ёки Россия расмийлари томонидан тасдиқланмаган.

Шу билан бирга, Украинанинг газ таъминотини тартибга солувчи «Донецкоблгаз» Покровскда вазият ёмонлашгани сабабли пайшанба кунидан бошлаб газ таъминоти тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирди.

«Газ қувурларига жиддий зарар етказилиши ва доимий душман ҳужумлари туфайли газ тақсимлаш тизимидаги камчиликларни бартараф этиш ва истеъмолчиларга газ таъминотини тиклашнинг иложи йўқ», — деди «Донецкоблгаз» сешанба куни берган баёнотида.

Бир неча ой давомида Покровск шарқий фронтдаги энг шиддатли жанглар ҳудудига айланди, чунки Россия шаҳарни ёпишга ҳаракат қилмоқда. У Украинанинг Донецк ва Днепропетровск вилоятларидан 11 миля узоқликда жойлашган ҳамда Москва учун стратегик нишон ҳисобланади. Россия президенти Владимир Путин ўз мақсади Украинанинг шарқий вилоятлари Донецк ва Луганскни қўлга киритиш эканлигини аниқ маълум қилган.

Москва чоршанба куни Украина Россиянинг жануби-ғарбидаги шаҳарлардан бирига ҳужум қилганида 6 та АТАCМСдан фойдаланганини айтиб, бунга муносиб жавоб беришини эслатган.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, олтита узоқ масофали ракеталар Ростов вилоятининг Таганрог порт шаҳрига эрталаб ҳужум уюштирилган ва оқибатда россиялик ҳарбийлар яраланган. Украина Россия нишонларига, жумладан, ҳарбий ва энергетика обектларига аниқ зарбалар берганини тан олди. Бироқ, қандай турдаги ракеталар қўлланганини айтмади.

«Мана шундай зарбалар Россияни уруш тугаши керак деган ҳақиқатга олиб келади», — деган Зеленский юқоридаги ҳужумга ишора қилиб.

АҚШ расмийси Россия яқин кунларда Украинага яна бир «Орешник» ракетасини учириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?