Россия ИИВ Владимир Путинни “қамоққа олиш” учун ордер берган Халқаро жиноий суд судьясини қидирувга берди

21:54 14 Ноябрь 2023 Дунё
591 0

Фото: Reuters

Россия ички ишлар вазирлиги (ИИВ) Украинадаги вазият юзасидан президент Владимир Путин ва болалар омбудсманı Мария Львова-Беловани ҳибсга олиш учун ордер берган Халқаро жиноий суд (ХЖС) судьяси Серхио Годинезни қидирувга берди.

ХЖСнинг 17 мартдаги баёнотида айтилишича, бу қарор “болалар ноқонуний олиб кетилиши” билан боғлиқ.

Россия ИИВга кўра, судья Годинез Серхио Херардо Угалде Россия Жиноят кодексининг моддаси билан қидирувга берилган.

Аммо расмий идора судья Россия Жиноят кодексининг қайси моддаси бўйича қидирувга берилганини аниқ айтмаган.

Шу йилнинг 11 май куни Россия Тергов қўмитаси мамлакат президентини “ҳибсга олишга” санкция берган ХЖС судьялари Серхио Годинез, Томоко Акане ва Росарио Салваторе Аитала қидирувга берилишини ваъда берганди.

Россия Тергов қўмитасига кўра, Владимир Путинни жиноий таъқиб қилиш шубҳасиз ноқонунийдир, чунки давлат раҳбарлари хорижий давлатлар юрисдикциясидан мутлақ иммунитетга эга — бу қоида Халқаро ҳимояланган шахсларга қарши жиноятларнинг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияда мустаҳкамланган.

Тергов қўмитасига кўра, ХЖС прокурори ва судьяларининг ҳаракатларида била туриб бегуноҳ шахсни жиноий жавобгарликка тортиш, халқаро муносабатларни мураккаблаштириш мақсадида халқаро ҳимояга эга бўлган хорижий давлат вакилига ҳужум қилишга тайёргарлик кўриш каби жиноят белгилари мавжуд.

Россияда ХЖСнинг яна тўрт нафар аъзоси қидирувга берилган

2023 йил 19 майдан бери Россия Ички ишлар вазирлиги ХЖСнинг яна тўрт нафар аъзосини қидирувга берган. Улар прокурор Карим Хон, судьялар Росарио Аитала ва Томоко Акане ҳамда суд раҳбари Петр Хофманскидир. Уларнинг барчаси Путинни “ҳибсга олиш” учун ордерни тайёрлаш ва беришда қатнашган.

ХЖС Рим низомига аъзо давлатлар ассамблеяси Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳаракатларини қўрқитишга уриниш сифатида баҳолади. Улар содир бўлаётган воқеалардан чуқур хавотирда эканликларини таъкидлаб, “Халқаро жиноятларни тергов қилиш, рухсат бериш ва олдини олиш бўйича ХЖСнинг ваколатларини бузишга йўл қўйиб бўлмайдиган уринишлар”дан афсусда эканликларини билдирдилар.

ХЖС, шунингдек, Рим низомига аъзо мамлакатларни суд, унинг мансабдор шахслари ва ходимларини ҳимоя қилиш ва ташкилотнинг мустақил мандатини бажаришда давом этиш қобилиятини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга чақирди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров фикрича, ХЖСнинг ҳужжати абсурд. Унинг таъкидлашича, бу ордер “барча нормалар ва қоидаларни четлаб ўтган ҳолда ўйлаб топилган”.

Шу ўринда Сергей Лавров давлат раҳбарларининг дахлсизлиги халқаро ҳуқуқ ва тегишли конвенциялар билан кафолатланганини қўшимча қилди.

Россия ташқи ишлар вазири, ХЖС “сохта суд” эканлигини таъкидлади, шунингдек, уни ўзининг тарафкашлиги туфайли қонуний орган, деб ҳисоблаш мумкин эмас.

Россия халқаро трибунал, деб аталадиган Гаагадаги Халқаро жиноий судни ташкил этган халқаро шартнома — Рим низомини тан олмайди.

Россия низомни 2000 йил 13 сентябрда имзолаган бўлса-да, мамлакат расмийлари уни ратификация қилмаган. Россия президенти Владимир Путин суднинг юрисдикциясини тан олмаслик ва Рим низоми иштирокчиси бўлмаслик тўғрисидаги фармойишни имзолаган — 2016 йилгача Россия ХЖСда кузатувчи бўлиб қолган.

Расмийлар ўз қарорлари сабабларини изоҳламаган. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков эса бундай қарор мамлакат миллий манфаатларини ҳурмат қилиш учун қабул қилинганини таъкидлади.

ХЖСнинг ордер бериш ҳақидаги қарори президентнинг хорижий ташрифларига таъсир қилади

Халқаро жиноий суднинг Рим низоми яратилганидан то 2003 йил бошигача ҳужжат 139 давлат томонидан имзоланган. Аммо 2023 йилга келиб, 123 та давлат унинг қонуний кучини тан олди. Рим низомининг ратификация қилиниши ХЖСнинг юрисдикциясини қабул қилган мамлакатларни суд қарорларини, шу жумладан, бошқа давлатлар раҳбарларини ҳибсга олишга мажбур қилади.

Шу боис Россия президенти 2023-йилнинг август ойида Жанубий Африка Республикасида ташкил этилган БРИКС саммитида иштирок эта олмади. Чунки у ерда уни “ҳибсга олиш” билан таҳдид қилишди. Владимир Путин ўрнига Россия делегациясига ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилди.

Жанубий Африка ҳукумати Владимир Путиннинг БРИКС саммитида хавфсиз иштирок этишини таъминлайдиган бўшлиқларни қидиришга мажбур бўлди. Ҳатто халқаро судга нисбатан мамлакат суверенитетини мустаҳкамловчи махсус қонун қабул қилиш ҳақида ҳам муҳокама қилинди.

“Биз Рим низоми билан боғланганлигимизни тушунамиз, лекин кимнидир таклиф қилиб, кейин уни ҳибсга ололмаймиз. Келмаса хурсанд бўлардик”, деганди ўшанда Жанубий Африка вице-президенти Пол Машатил.

Владимир Путиннинг ХЖС “ҳибсга олиш” ордери чиқарилгандан кейин Россия президентининг биринчи хорижий ташрифи шу йилнинг 18 октябрь куни бўлиб ўтди. У Хитойда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” саммитида иштирок этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер