Ромитанликларнинг асрий орзуси ушалди

12:07 11 Ноябрь 2025 Жамият
165 0

Ромитан туманидаги “Ўтабек” маҳалласида оз эмас, кўп эмас, 3078 нафар аҳоли яшайди. Тоза ичимлик сув таъминоти масаласи бу ерда асрий муаммо, десак муболаға бўлмайди. Одамлар четдан машиналарда келтирилган сувни сотиб олишади. Ниҳоят, бу ҳолга барҳам берилади.

– Туманда сув таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда, – дейди маҳалла раиси Баҳриддин Камолов. – Икки йил давомида бажариладиган ишлар натижасида ҳудудимиздаги барча қишлоқлар марказлаштирилган ичимлик сув билан таъминланади. Насиб этса, водопровод жўмракларидан зилол сув оқади. Аҳоли ташвиши енгиллашади. Бу юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили изчиллик билан амалга оширилаётгани тасдиғидир.

Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда рўёбга чиқарилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 28,6 миллион АҚШ долларига тенг. Унга кўра, “Челонғу”, “Марказий”, “Хосса”, “Муғонча”, “Ўтабек” сув тақсимлаш иншоотларини реконструкция қилиш, “Арабон” сув тақсимлаш иншоотини қайта қуриш кўзда тутилган. 330 километрдан зиёд узунликда қувурлар ҳам тортилади. Айни пайтда объектларда иш қизғин. Бу истиқболли лойиҳа туфайли тумандаги “Навбаҳор”, “Истиқлол” маҳаллаларида ҳам тоза сув таъминоти масаласи кун тартибидан тушади.

– Бугун вилоятнинг қай бир гўшасини олманг, ичимлик сув масаласини ҳал этиш йўлида йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани шоҳиди бўласиз, – дейди меҳнат фахрийси Г. Рўзиева. – Биз истиқомат қилаётган Олотда, шунингдек ён қўшнимиз Қоракўлда ҳам бу борадаги хайрли ишлар самарасини аҳоли ўз ҳаёти мисолида кўриб турибди.

Бундан тўрт йил муқаддам ҳар иккала туманда ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 16 фоиз атрофида эди. Давлатимиз томонидан халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар аҳволни тубдан ўзгартирди. Сув тозалаш ва тарқатиш иншоотлари реконструкция қилинди, юзлаб километр узунликда қувурлар тортилди. Пировардида 200 минг нафардан ортиқ аҳоли илк бор марказлашган тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди.

Илгари одамлар четдан келтирилган об-ҳаётни сотиб олиб, қўлбола қудуқларда сақлашар, уни 20 – 30 кун давомида истеъмол қилишарди. Ҳолбуки, шифокорларнинг таъкидлашича, турғун сувда микробларнинг кўпайиши учун қулай муҳит юзага келади. Турли касалликлар келиб чиқиши эҳтимоли юқори. Энди эса ортиқча ташвишга ҳам, хавотирга ҳам ҳожат йўқ.

Эътиборлиси, вилоятда бу борада амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Натижаси ҳам кўзга яққол ташланиб қолди. Агар 2016 йилда вилоятда марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 54, 4 фоизни ташкил этган бўлса, айни дамда бу кўрсатгич 74,3 фоизга етди. Шу кунларда Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан биргаликда қиймати 633,5 миллион АҚШ долларига тенг яна бир лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. Икки босқичли бу лойиҳа натижасида вилоятнинг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик кўрсатгичи 98 фоизга, оқова сув хизмати даражаси эса 40 фоизга етиши кутилмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер