Рўйи заминни яшнатди кўклам

12:12 16 Март 2026 Жамият
155 0

Баҳор — бу оддийгина тилда айтганда фасл эмас, у умид ва янгиланишнинг гўзал тимсолидир. Кўкламда рўйи замин ҳам, инсон қалби ҳам гўё янгидан нафас олади. Табиат қишнинг қаҳратон совуқларини енгиб, жумлаи жаҳонни яшилликка буркаса, инсон ҳам баҳордан руҳ олиб, илҳом олиб, янги-янги орзу-умидлар сари интилади. Шундан бўлса керак баҳор табаррук қадами қалбларда илиқлик, юракларда эзгу туйғуларни уйғотади.

Қишнинг совуқ кунларидан сўнг эсган майин шабада, ер бағридан бош кўтарган кўм-кўк майсалар, дарахт навдаларида бўртиб чиққан нозик куртаклар қалбимизга тоза ва беғубор ҳис-туйғуларни ҳадя этади. Гўё табиат узоқ уйқудан уйғониб, яна янги ҳаёт бошлаётгандек бўлади. Қушларнинг шўх-шодон сайраши, ариқлардан жилдираб оқаётган обҳаёт атрофга ёйилган гуллар ифори инсон руҳиятини қуёш янглиғ чарақлатиб юборади, дилларни қувончу шодликларга кўмиб юборади.

Гуллар ифорига ошуфта қалб

Озодхон ая ҳар баҳорда кўчасидан оқиб ўтадиган ариқ четига гул экишни канда қилмайди. Ҳовлингизга кираверишда турфа рангдаги гуллар яшнаб турса, келган меҳмоннинг ҳам баҳри дили очилади-да, дейди у. Ахир гул кўнгилнинг безаги, инсон ва табиатни маънан бирлаштирадиган, руҳий мадад берадиган меҳр инъоми-ку! Энг қувонарлиси, Озодхон аянинг бу ташаббусини қишлоқдаги барча одамлар қўллаб-қувватлаб баҳор келиши билан кўчасига гул экишади. Бутун қишлоқнинг гулларга бурканишига ҳисса қўшган онахонни кексалар қўлларини дуога очиб алқашади.

—Баҳордай фусункор фасл борми, у юракларга завқ-шавқ улашади, ёшлигингизни эсга солади,— дейди Фарғона вилояти Фурқат туманидаги Қизилқиёқ қишлоғида яшовчи 76 баҳорни қаршилаган ва бугунги кунда 4 фарзанд ва қатор набиралар қуршовида кексалик гаштини сураётган Озодхон ая Ботирова.— Бугунги ёшларга ҳавасим келади. Улар биз каби мажбурий меҳнатни азобини кўрмаган. Фикри-зикри илм олиш, ҳунар эгаллаш, ўйнаб-кулиш, спорт билан шуғулланишга қаратилган. Узоқ йиллар ҳамшира бўлиб ишлаганман ва мажбурий меҳнатнинг аччиқ азобу уқубатларини бошимдан ўтказганман. Болам, чақам деб, пахта яганаси, чопиқ, дағал хашак йиғиш каби қишлоқ хўжалик ишларидан қўлим бўшамаган. Ҳатто декабрь ойигача пахта терганимни кўз олдимга келтирсам, бугунги дориламон кунларга шукрона айтаман.

Онахоннинг қадди тик, сўзлари бурро. Элнинг кайвониси, қишлоқдошлар тили билан айтганда “маҳалланинг Фармонбибиси”. Доим савоб ишларга бош қўшиб юради. Маҳаллада дошқозонда сумалак қайнаса, серфарзанд оилаларга кўпроқ юборади. Ночор оилалар рўзғорининг бир четини кўтариб юборишга ҳисса қўшади. “Ҳой, барака топгур, қўлингни қаёққа узатсанг етади, фалончининг рўзғорига бир қарашиб юбор” дейди тадбиркор танишларига. Ёки қишлоқнинг энг кекса кишисига сумалак юбориб дуосини олади.

—Гуллар очилиб, ҳушбуй ифор таратган Наврўз кунларида кўчамизга бир келинг, —дейди Озодхон ая. — Ҳақиқий мўъжизасини ўшанда кўрасиз. Ҳаёт янада гўзал бўлиб кўринади кўзингизга. Айтмоқчи қишлоғимизда ёши 300-400 йилларга борадиган улкан чинор бор. “Катта чинор” МФЙ номи ҳам шу қадимий дарахтдан олинган. Айтмоқчиманки, қишлоғимиз кўрки жамоли тобора очилиб боряпти. Одамлар ҳаётидан рози. Меҳнат қилиб кам бўлмаяпти. Ёш тадбиркорлар сафи кенгайиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ёшлар билан учрашганидан сўнг қишлоғимиз ёшлари орасида тадбиркор бўлиш иштиёқманд ёшлар кўпайди. Бундай янгиланиш ва имкониятларни кўриб, кексаларимиз доим дуода, шукрона айтишади. Бу юртимизда инсон қадри улуғланаётгани, тинчлик барқарор бўлиб тургани ва Президентимизнинг элга қайишаётгани, меҳрини бераётганининг ёрқин самарасидир.

Бахшилар кўкламдан олади илҳом

Чўпон кўм-кўк қир-адирларга қўй-қўзиларни хиргой қилиб ҳайдаси, деҳқон кетмонини елкасига олиб, даласига шошади. Аёллару қиз-жувонларнинг ҳам ташвиши ортади, баҳорий таомлар тайёрланади, сумалакнинг хушбўй ҳиди димоқларни қитиқлайди. Кураш авжига чиқади, мард чавондозлар кўпкарида улоқ айиради. Бўй қизлар сочларига тол баргак тақиб қўшиқ куйласа, ўспирин болалар осмону фалакка варрак учиради. Кекса чоллар оғзида қолган биттагина тишини кўрсатиб, шеригига жилмаяди: “баҳор қут-баракага, ризқу рўзга тўлиқ келсин”! Бахши дўмбирасини чертади, унинг янгроқ овози юракларни сел қилиб юборади.

Отлар дупури, полвонларнинг шаҳду шиддати, ўлану лапарлар оҳанги билан бирга бахшининг халқона овози тоғларга урилиб акс-садо беради.

—Ўзи асли бахшилар баҳордан илҳом олади, — дейди деҳқонободлик бахши Қаҳҳор бахши Раҳимов. — Кўм-кўк қир-адирлар, лолалар очилган тоғ сўқмоқлари ҳар қандай одамни шоир қилиб юборади. Бу тоғлар мен учун жуда қадрдон. Раҳматли отам Қодир бахшининг табаррук овози тоғу тошларга урилиб янграган. Ана шу овозни соғиниб, тоғларга қарайман ва беихтиёр куйлаб юбораман:

Ҳай-ёра...

Ҳут кирганда баланд тоғни қор босар,

Мард йигитнинг юрагини ор босар.

Кўклам халқим боғлаб маҳкам белини,

Ният қилиб, ризқ-рўз учун дон сочар...

Достон ва термалар айтиш унинг қонида бор. Отаси ва боболари ҳам бахши бўлишган. Айниқса, отаси Қодир бахши шомда куйлашни бошлаганда тонг отиб, қуёш терак бўйига кўтарилгунча айтишдан тўхтамаган. Мухлислардан бирортаси кетиб қолмаган. Қодир бахшининг тўрт ўғли ҳам ота изидан бориб, баҳор ва Наврўз айёмларида даврани қизитиб келмоқда. Қаҳҳор ва Абдимурод Раҳимов “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвонига сазoвор бўлишган бўлса, Баҳодир ва Баҳром бахши Раҳимовлар бир қатор танловлар ғолибидир.

2022 йил Қаҳҳор бахшининг «Булбул наволари» термалар тўплами ва «Гўрўғлининг сафари» достони нашр этилди. У бахшичилик ЮНEСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганидан қувонади, миллий маданиятимиз дунёда эътироф этилгани унга ижодий куч-қувват бағишлади.

Қаҳҳор бахши Деҳқонобод туманидаги 30-мактабда «Ёш бахшилар» тўгарагини очган бўлса, Абдимурод бахши тумандаги 5-мусиқа ва санъат мактабида бахшичилик синфига раҳбарлик қилмоқда. Улар қўлида таҳсил олаётган шогирдлари овози баҳор айёмида қиру адирлар узра акс-садо бермоқда.

Миллий нақшларда яшаётган ўзлик

—Баҳорнинг ўзи моҳир мусаввир. У яратган ранго-ранг гуллар, чечакларнинг ўзи бир буюк асар, —дейди Тошкент шаҳридаги Янги Себзор маҳалласида жойлашган ҳунармандлар маскани раҳбари Гулбаҳор Ўринова. — Юртимизга фусункор ва назокатли фасл — баҳорнинг кириб келиши биз ҳунармандларга ҳам чексиз илҳом бағишлади. Эътиборли жиҳат шундаки, ҳар бир миллат ўзлиги қадимий нақшу безакларда, ипаклари ялтираб жило сочувчи кашта ва зару нигорларда акс этиб туради. Гарчи касбим шифокор бўлса-да, аждодларимиз ақл-идроки, меҳри ва табаррук қўл излари қолган, ҳар нақши чуқур маъно-моҳиятга эга кашталарга болалигимдан меҳрим жуда баланд эди. Ҳавас кучлилик қилиб, 2017 йилда маҳаллада касбимга қўшимча ҳунармандлар масканини очдим.

Гулбаҳор Ўринова Янги Себзор маҳалласидаги ташландиқ ва сув ва газдан қарздор бир бинони олиб, электр тушириб, газга улаб, обдан таъмирлаб, кўркам масканга айлантирди. Бунда албатта, унга “маҳалла еттилиги” катта кўмак берди. Улар банкдан кредит олишда ва маҳалладаги ҳунармандчиликка иштиёқманд кишиларни жалб қилишда бош-қош бўлишди. Эътибор ва ғамхўрликларга жавобан ҳунарманд 14 та янги иш ўрни очиб, маҳалла болаларини бепул ҳунар ўрганишига имконият яратиб берди.

Бугунги кунда ҳунармандлар маскани энг гавжум ва кўркам гўшага айланди. Тўқиш, тикиш, нақш чизиш, картинкаларга қўлда безак бериш, ўйинчоқлар тикиш, сумка ва аёллар либосларини яратиш каби ҳунармандчилик ашёлари бежирим ва харидорлар дидига мос тарзда тақдим этилмоқда. Энг қувонарлиси, маҳалла ёшлари қалбида миллий ҳунармандчиликка ва қадимий қадриятларга ҳавас уйғонмоқда. Буни чуқур англаган ота-оналар фарзандларини ҳунармандлар масканига юборишмоқда.

—Ҳунарли одам бахтли одам, дейишлари рост экан,— дейди Гулбаҳор. — Бунга шу масканни очиб, ҳаётим ижобий томонга ўзгариб кетганини мисол қилиб келтиришим мумкин. Уч фарзандим тарбияси, уларнинг илм эгаллаши ва жамиятимизга наф келтирадиган мутахассис бўлиб улғайишига ғамхўрлик қиляпман. Инсон ўз меҳнати билан ўз бизнесини яратса, ҳалол ишласа, албатта, катта ютуқларни қўлга киритади. Шу жиҳатдан ҳунармандчилик мени шундай истиқболли манзиллар сари чорламоқда.

Масканга яқинлашар экансиз, куртак ёзаётган дарахтлар, чиройли гулу гулзорларга кўзингиз тушади. Фусункор баҳор бу гулларга зеб бериб, зийнатламоқда. Эътиборли жиҳати бу йилги баҳор серёғин келди. Осмондан ёғилаётган зумрад томчилар дарахту нав-ниҳолларга жон бахшида этмоқда. Уларга қараб Гулбаҳор ҳам қувонади, Яратаётган ҳар бир нақшида шу гулларни улгу қилиб олади. Шунинг учун ҳам баҳорни аёлга қиёслашади. Гўзаллиги, ҳусну малоҳати ва яратувчилиги билан аёл ҳам табиатга ҳамоҳангдир.

Зотан, бугунги шиддаткор даврнинг ўзи ҳунармандлар зиммасига улкан вазифалар юкламоқда. Масканда қўл меҳнати билан зеб берилаётган миллий маҳсулотларга хорижда ҳам харидорлар кўпаймоқда. Шунинг учун улар халқаро кўргазмаларда ва нуфузли танловларда иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллашга ҳаракат қилишмоқда. Интилганга толе ёр, деганларидек, ҳунармандлар ақл-закоси билан яратилаётган нафис ва сержило миллий буюмлар албатта, ҳар бир қалбга баҳорнинг нафис чечаклари каби шодлик ва қувонч олиб киради.

Фахриддин БОЗОРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?