Риштонда “Кулоллар сайли” ўтказилмоқда

Шу йилнинг 12-14-май кунлари Фарғона вилоятининг Риштон туманида анъанавий “Туркий халқлар ҳунармандчилиги” форуми ва унинг доирасида “Кулоллар сайли” миллий кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси бўлиб ўтмоқда.
Унда Россия, Польша, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон, Исроил ва Туркия каби хорижий мамлакатлардан соҳа мутахассислари, олимлар ва моҳир ҳунармандлар иштирок этмоқда.
“Кулоллар сайли”да юртимиздаги барча кулолчилик мактабларининг 150 нафардан зиёд уста кулоллари, машҳур сулола вакиллари ва халқ усталарининг маҳсулотлари кўргазмаси, маҳорат дарслари намойиш этилади.
Туман истироҳат боғида ташкил этилган тантанали очилиш маросимида Риштон кулолчилиги азалдан ўзининг дизайни, табиий жозибаси ва нақшлари билан етти иқлимда машҳур эканлиги таъкидлаб ўтилди. Кейинги йилларда соҳа ривожига қаратилган эътибор ва рағбат туфайли туман кулоллари томонидан тайёрланган санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиб келинмоқда.
- Бугунги кунда кулолчилик йўналишида туманда юзлаб машҳур сулолалар фаолият кўрсатмоқда,-дейди риштонлик машҳур кулол Тоҳиржон Ҳайдаров. – Шунингдек, “Устоз-шогирд” анъанаси бўйича минглаб ёшлар ушбу ҳунар сир-асрорларини ўрганмоқда.
“Кулоллар сайли” давомида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос бўлган кулолчилик мактаблари усталари томонидан маҳорат дарслари ўтказилади. Ўз навбатида анъанавий “Туркий халқлар ҳунармандчилиги” форуми доирасида хориждан ташриф буюрган олимлар ва соҳа мутахассислари билан юзма-юз суҳбатлар, кулолчилик мактаблари кўргазмалари ҳам бўлиб ўтади. “Халқаро кулоллар маркази” фаолияти билан яқиндан танишилади.
Шунингдек, “Риштон кулолчилиги: кеча, бугун, эртага” номли халқаро илмий-амалий конференция, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан нашр этилган "Анъанавий Риштон кулолчилиги" китоб тақдимоти ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Форум 14 май кунига қадар давом этади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг