Республика бўйлаб 3,5 мингта боғчада 9 тоннадан ортиқ сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланди

15:22 16 Сентябр 2025 Жамият
120 0

Боғчаларда 8 ойда 9 тоннадан ортиқ сифатсиз озиқ-овқат маҳсулоти аниқланди. Бу ҳақида «Санепидқўмита» маълум қилди.

Унда айтилишича, жорий йилнинг 8 ойи давомида «Санепидқўмита»нинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалдаги санитария қоида ва нормативлари асосида 3 минг 554 та мактабгача таълим ташкилотларида режали текширишлар ўтказилган.

Мазкур текширув давомида кимёвий таҳлиллар учун олинган 83 минг 231 та намуналардан 4 минг 110 таси, бактериологик таҳлиллар учун олинган 88 минг 203 та намуналардан 9 минг 27 таси амалдаги санитария қоида ва норматив талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлган.

Шунингдек, гуруҳларда хона ҳароратини (микроиқлим кўрсатгичлари) 23 минг 425 тасининг 1 минг 658 тасида ҳарорат талаб даражасида эмаслиги, ёруғлик кўрсатгичлари 43 минг 665 та нуқтада ўлчанганда 2 минг 559 тасида ёритилганлик даражаси пастлиги аниқланган.

Тарбияланувчилар овқатланишини тўғри ва хавфсиз ташкил этилгани устидан назоратни амалга оширилганда микробиологик кўрсатгичларга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларидан 8 минг 122 та намунадан 323 таси, ичимлик сувидан 4 минг 461 та намунадан 237 таси талабга жавоб бермаган.

Бундан ташқари, кимёвий таҳлиллар учун овқат тўйимлилиги 4 минг 986 та намуналардан 878 та намунасида овқат тўйимлилиги пастлиги, сабзавотларда нитрат қолдиқларини текшириш учун 12 минг 301 та намунадан 257 та намунада нитрат қолдиқлари, ош тузида ёд миқдорини аниқлаш учун 2 минг 321 та намуналардан 718 та намуналарда ёд миқдори камлиги маълум бўлган.

«Санепидқўмита» маълумотларига кўра, мактабгача таълим ташкилотларида санитария қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан 3 минг 705 та ҳолатда маъмурий чоралар қўлланилган. 110 та муассасаларининг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган. 446 нафар ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмаганликлари сабабли ишдан вақтича четлаштирилган ҳамда 9 минг 486,4 килограммдан ортиқ миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари бракераж қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер