Ректор ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди

18:20 22 Декабрь 2023 Жамият
489 0

Фото: “Халқ сўзи”

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида талабалар, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда ёш илмий тадқиқотчилар иштирокида “Ректор ва ёшлар” очиқ мулоқоти ташкил этилди.

Унда университет ректори Бахтиёр Мардонов юртимизда ёшлар сиёсати борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилган имкониятлар тўғрисида ахборот берар экан, университет мисолида амалга оширилаётган лойиҳалар, 2023 йилда эришилган ютуқларга эътибор қаратди.

Таъкидланишича, 2023 йил олий таълим муассасасининг халқаро фаолиятида энг юқори кўрсаткичларга эришилган давр бўлди. Ўтган бир йил ичида университетга турли конференциялар ва амалий ташрифлар доирасида 30 га яқин мамлакат ва 10 дан ортиқ халқаро компаниялари масъуллари ташриф буюришиб, икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари ҳамда бир қатор келишувларга эришилди.

Шунингдек, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг олим ва талаба ёшлари йил давомида Япония, Жанубий Корея, Россия, Германия, Испания каби 10 дан ортиқ ривожланган мамлакатларнинг дунёнинг ТОП университетлари фаолияти билан танишиб, мазкур ташрифлар давомида талабалар ва магистрлар академик алмашуви ҳамда профессор ўқитувчиларнинг стажировкалари бўйича ҳамкорлик айни вақтда ҳам давом этмоқда.

— Шу бир йил давомида профессор-ўқитувчиларимиз томонидан 50 дан ортиқ монография, ўқув қўлланма ва бошқа илмий адабиётлар яратилганини эришган натижаларимизнинг юксак эътироф десак муболаға эмас, — дейди Б. Мардонов. — Кончилик ва умуман саноат соҳасининг турли тармоқларини қамраб олган мазкур илмий асарларнинг ҳар бири ортида машаққатли меҳнат мужассам.

Мулоқотда ёшларнинг фикрлари тингланиб, соҳадаги мавжуд муаммолар, тизимли камчиликлар ҳамда уларни бартараф этишга оид таклифлар муҳокама қилинди. Кўтарилган барча мурожаатлар ва мулоҳазалар асосида “Йўл харита”си ишлаб чиқиш белгиланди.

Тадбир давомида турли танловларда ғолиб бўлган бир гуруҳ иқтидорли ва фаол ёшлар рағбатлантирилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?